Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Татаристон дўстлик делегацияси ташрифи

2019 йил 6 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасига Татарстон Республикаси Фанлар академиясининг татар энциклопедияси ва диншунослик институти делегацияси ташриф буюрди. Институтнинг илмий ходимлари: Б. Хамидуллин, Р. Исламов,  З. Гилазевларнинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад татар миллатига мансуб халқнинг ҳаётини ўрганиш.

Миллий кутубхона фонди Мавлоно Румий асарлари каталоги билан бойиди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди “A Descriptive Catalogue of The Manuscripts and Editions of Maulana Rumis: Works in India” (Хиндистондаги Мавлоно Румий асарлари қўлёзма ва нашрларининг тавсифий каталоги) билан бойиди. Мазкур католог  2018 йилда 192 бет ҳажмда, Хиндистондаги Маданият вазирлиги Индира Ганди номидаги Миллий санъат марказида Дели университети профессори Шариф Хусайн Қосимий ва Индира Ганди номидаги Миллий санъат маркази директори доктор Рамеш К.Гуар муаллифлиги остида нашр этилди. Ушбу китоб инглиз тилида нашр этилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Очиқ эшиклар” ҳафталиги ўз ишини бошлади

Анъанавий тарзада  ҳар йили Ўзбекистон Миллий кутубхонасида янги ўқув йили бошланиш муносабати билан “Очиқ эшиклар” ҳафталиги ўтказилади. Жорий йилнинг 9-13 сентябрь кунлари ўтказилаётган “Очиқ эшиклар” ҳафталиги бошқа йилларга нисбатан ўзининг ёрқин тадбирлари, фойдали маълумотлари, қизиқарли учрашувлари ҳамда турли кўргазмалар билан ажралиб туради. Шунингдек, бу йил нафақат Ўзбекистон Миллий кутубхонасида балки Республикадаги барча йирик ахборо-кутубхона марказларида ҳам кутубхона фаолияти, имкониятлари, мутолаага жалб қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этилган.

Ҳалқаро ҳамкорлик – икки Миллий кутубхона ўртасида меморандум имзоланди

2019 йил 3-4 сентябрь кунлари Теҳрон шаҳрида (Эрон) “Ҳужжатли меросни аниқлаш ва ўрганиш” мавзусидаги ЮНЕСКО минтақавий учрашуви ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади – ҳужжатли меросни сақлашга доир ЮНЕСКО тавсияномаларини муҳокама қилиш ва “Жаҳон хотираси” Дастури бўйича мутахассислар хабардорлигини ошириш. Мазкур учрашувда  Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева иштирок этди. 2017 йилда “Ҳужжатли меросни аниқлаш ва ўрганиш” мавзусидаги ЮНЕСКО минтақавий учрашувида дастур бўйича барча иштирок этган давлатларда миллий қўмита ташкил этилган ва унда илк бор У.Тешабаева иштирок этган. Бу йилдаги учрашувда эса айнан 2017-2019 йилларда Дастур бўйича миллий қўмитанинг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.  Эрон Ислом Республикаси Миллий кутубхона ва архиви ўз иш фаолияти, унинг бой тарихи, фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, реставрация ва консервация ишларида қўлланиладиган илғор технологиялари билан шарқ давлатлари ўртасида ажралиб турувчи кутубхоналар қаторига киради. 

Арнасой туманида янги ахборот-кутубхона маркази очилди

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус - ёшларимизга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, юртимиз ёшлари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига урғу бериб келинмоқда. Жумладан, мазкур ташаббуслардан бири ёшлар маънавиятини юксалтириш улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Шулар қаторида 2019 йил 29 август куни Жиззах вилоятининг 12 та туманида очилиши режалаштирилаётган ахборот-кутубхона марказларининг биринчиларидан Арнасой туманида ахборот-кутубхона маркази очилиш маросими бўлиб ўтди.