Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Иван Тургенев ижодига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди

2018 йил 8   ноябрь куни “Истиқбол” ўқиш залида рус шоири, ёзувчиси ва драматурги Иван Тургенев (1818-1883) таваллудининг 200 йиллиги муносабати билан китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада ёзувчининг романлари, ҳикоялари, қиссалари, мақолалари, пьесалари ва шеърлари тақдим этилмоқда.

Иван Сергеевич Тургенев 1818 йил 9 ноябрь куни Орёл шаҳрида таваллуд топди. У илк сабоқларни Спасское-Лутовиново имениесида немис ва француз ўқитувчиларидан олган. Илм ўрганишни Москвадаги хусусий пансионларда, сўнгра эса Петербург университетида давом эттирди. Тургенев Берлинда фалсафа ва классик филология бўйича маърузалар тинглаб, 1841 йилда Москвага қайтиб келди ва Н.В.Гоголь, С.Т.Аксаков сингари ёзувчилар билан танишиб, бадиий ижод билан шуғуллана бошлади.

Тургенев дастлабки “Стено” драматик достонини 1834 йилда - талабалик йилларида ёзган. 1938 йилда эса унинг “Оқшом” ва “Венера Медицейскаяга” романтик шеърлари чоп этилди. 1843 йилда у В.Г.Белинский билан танишиб, унинг таъсири остида ёзувчининг романтизмдан узоқлашиб, оддий халқ ҳаётига яқинлашганидан дарак берувчи “Параша” достонини, “Поп”, “Уч портрет”, “Бретёр” асарларини ёзади. 1847 йилдан бошлаб “Современник” журналида Тургеневга катта шуҳрат келтирган “Овчининг мактублари” туркум ҳикоялардан иборат асари чоп этила бошланди. 40-йиллар охири 50-йиллар бошларида Тургенев драматургия билан фаол шуғулланиб,  саҳна юзини кўрган ва томошабинлар олқишига сазовор бўлган “Сармоясизлик”, “Йўлбошловчининг нонуштаси”, “Текинхўр”, “Қишлоқда бир ой”, “Бўйдоқ” пьесаларини ёзди. Байрон ва Шекспир асарларини таржима қилар экан, Тургенев улардан бадиий сўз маҳоратини ўрганди.

1852 йилда Тургенев “Муму” ҳикоясини ёзади. Сўнгра у “Рудин” “Дворянлар уяси”,  “Арафа”, “Оталар ва болалар”, “Тутун” ва “Қўриқ ер” романлари, “Ортиқча кишининг кундалиги”, “Бежин яйлови”, “Ася”, “Баҳор тошқинлари” ва кўпгина бошқа қисса ва ҳикояларни ёзади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати