Ўзбекистон Миллий кутубхонасида француз ёзувчиси Альбер Камю асарлари кўргазмаси очилди

2018 йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Кашфиёт” ўқиш залида француз ёзувчиси Альбер Камю асарлари кўргазмаси очилди. Кўргазмада унинг турли йилларда ва турли шароитларда яратилган асарлар ўрин олган.

Альбер Камю 1913 йил 7 ноябрда Жазоирда таваллуд топган. Камю болалиги жуда оғир кечган. 1923 йилда у лицейда ўқишни бошлаб, ўзини қобилиятли ва фаол ўқувчи, тиришқоқ спортчи сифатида кўрсатади. Лицейдан сўнг бўлажак ёзувчи Жазоир университетининг фалсафа факультетига ўқишга киради. Университетдаги таҳсил тўловини тўлаш учун Камю тинимсиз меҳнат қилар эди. 1936 йилда у файласуф магистри дипломини олади.

Ўз соғлиғини тиклаш учун Камю Францияга саёҳатга отланди. Саёҳатдан олган таассуротларини у ўзининг илк “Ўнги ва тескариси” китобида ифодалаган (1937). 1936 йилда ёзувчи ўзининг илк “Бахтли ўлим” романини ёзишга киришади. Бу асар 1971 йилдагина чоп этилган. Камю оз фурсатда етук ёзувчи мақомига эришди. У нафақат ёзувчи, балки актёр, драматург ва режиссёр сифатида ҳам танилган. 1938 йилда унинг “Никоҳ” асари чоп этилди. Бу даврда Камю Францияда яшар эди.  2-жаҳон уруши йилларида у  ги “Битва” газетасида фаолият юритган. 1940 йилда «Бегона» қиссаси, 1942 йилда «Сизиф ҳақида афсона» фалсафий очерки, инсон ҳаётининг маъноси тўғрисидаги ўйлардан иборат бўлган «Англашилмовчилик» (1944) ва «Калигула» (1945) драмалари дунё юзини кўрди. Қаршилик ҳаракати ҳақида «Вабо» (1947) роман-рамзий ҳикояси адабиёт ва фалсафани яна ҳам бир-бирига яқинлаштирган. Камю «Исёнкор одам» (1951) фалсафий очерки, «Тубанлашув» (1956) қиссаси, «Салтанат ва сургун» (1957), «Швед нутқи» (1958) каби ҳикоялар тўплами муаллифи. У Нобель мукофоти лауреати (1957). «Бегона» қиссаси ва «Вабо» романи 1995 йилда Аҳмад Аъзам томонидан ўзбек тилига таржима қилинган.

Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар кутубхона фондларидан жой олган буюк француз ёзувчиси ва файласуфи Альбер Камюнинг ижодига бағишланган китоблар ва унинг ўзбек ва рус тилларидаги асарлари билан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати