Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

2018 йил 26 октябрь Ўзбекистон Миллий кутубхонаси «Ижод» щыиш залида Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров билан ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети ўқитувчилари ва курсантлари ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари  қатнашдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Тошкент Тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети бошлиғининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Азиз Асадов, учрашув иштирокчиларини Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров ижодий фаолияти билан таништирди. “Элёр Носиров 1974 Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгач Ҳамза номидаги ўзбек драма театрида ишлаган, 1987 йилдан буён эса Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида актёр сифатида фаолият юритиб келмоқда. Унинг саҳнадаги илк роли – Шиллернинг “Қароқчилар” спектаклида Шуфтерле образидир. Шунингдек у “Олтин девор” спектаклида Нодир, “Шошма қуёш”да Илҳом, “Ибн Сино”да Раҳматилла, “Искандар”да Искандар, “Отелло”да Отелло каби машҳур ролларни яратган. Элёр Носиров “Қиролнинг дилхуши”, “Вафодор”, “Баҳс”, “Бир фожиа изидан”, “У Ромео эмас”, “Сўнгги ўқ”, “Холисхон”, “Кўнгил кўчалари”, “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” ва бошка телевизион постановкалари ва видеофильмларда ҳам унутилмас образлар яратган. Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носиров театр ва кино билан бир қаторда дубляж санъатида ҳам ранг-баранг образлар яратиб, эл ҳурматига cазовор бўлган санъаткордир. Ўзбек театр, кино ва дубляж санъати ривожига қўшган ҳиссаси учун Элёр Носировга 2003 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони берилди”.

Тадбирда Элёр Носиров мазкур учрашув мухташам Ўзбекистон Миллий кутубхонаси биносида бўлиб ўтаётганидан жудаям мамнунлигини изҳор этди ҳамда унинг кутубхоналарга ва мутолаага бўлган чексиз муҳаббати уни театр саҳнасига етаклаганини айтди. Шунингдек, санъаткор учрашув иштирокчиларига ўзининг санъатга кириб келишига сабаб бўлган омиллар, устозлари, ҳамкасблари ва шогидлари, театр ва кинода ўйнаган роллари, дубляждаги фаолияти, актёрлик касбининг ўзига хосликлари: қийинчиликлари ва афзалликлари ҳақида сўзлади. Суҳбат давомида у иштирокчиларга спектаклларда гавдалантирган образларининг монологларидан парчалар ўқиб берди.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистон халқ артисти Элёр Носировга дубляж жараёни, театрдаги яратишни орзу қилган образлари каби ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар  ва ижодий учрашувдан олган ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати