“Внешняя политика стран СНГ” (МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсати) номли китоби тақдимоти

2018 йил 14 май куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида профессор И.Р.Мавлоновнинг хаммуаллифликдаги “Внешняя политика стран СНГ” (МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсати) номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб И.Р.Мавлоновнинг МДҲ давлатларидан Халқаро муаллифлар жамоаси билан ҳаммуаллифликда нашр этилди. Нашр МДҲ ҳудудида интеграция жараёнлари ва Ҳамдўстлик мамлакатлари ташқи сиёсатига бағишланган.

 

Тадбирни иқтисодиёт фанлари доктори Ш.Шарифходжаев олиб борар экан, авваламбор унинг долзарблиги ва мақсади ҳақида гапирди. Шунингдек тақдимотда иқтисод фанлари доктори, профессор Б.Исломов, академик С.Ғуломов, иқтисод фанлари доктори Ш.Ёвқочев, иқтисод фанлари доктори, профессор Р.Шодиев ва бошқалар сўзга чиқиб, китобхонларни нашрнинг моҳияти, аҳамияти, тузилиши ва мазмуни билан таништирдилар.

 

Китоб муаллифи И.Мавлонов китобда МДҲга аъзо барча давлатлардан вакиллик қилаётган халқаро муаллифлар жамоаси сўнгги асрнинг охирги чорагида ишлаб чиқилган ташқи сиёсат ёндашувларини баён этганликларини таъкидлаб, деди: “Китобнинг биринчи қисмида МДҲнинг ташкилий тузилиш жараёни, МДҲ ҳудудида иқтисодий интеграция, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликнинг ҳарбий-сиёсий интеграцияси тасвирланган бўлса, кейинги қисмларида Европа давлатлари, Жанубий Кавказ ва Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсати тасвирланган. Китобнинг тузилиши мамлакатлар ташқи сиёсатининг асосий параметрларини: ташқи сиёсат курсини белгилаб берувчи омиллар, концептуал асослар ва вазифалар, дипломатиянинг асосий йўналишлари ва МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсатининг устувор йўналишларини кўриб чиқишга, баҳолашга ва осонгина ўзаро солиштиришга имкон беради”. 

 

“МДҲ мамлакатлари ташқи сиёсатининг муаммоли масалаларини, интеграция жараёнларини, хавфсизлик масалалари кўриб чиқиш жараёнида МДҲнинг турли мамлакатларидан халқаро экспертларнинг, уларнинг миллий манфаатларини акс эттирган турли нуқтаи назарлари келтирилган. Ҳар бир бобнинг охирида назорат саволлар ва адабиётлар рўйхати келтирилган. Мазкур китоб МДҲ мамлакатларида "Халқаро алоқалар", "Сиёсатшунослик", "Хорижий минтақавий тадқиқотлар" йўналишлари бўйича таҳсил олаётган талабалар ва аспирантлар учун мўлжалланган”, - деди академик С.Ғуломов.

 

Ушбу босма нашрдан ташқари, МДҲ давлатларининг ташқи сиёсат доктриналари, расмий ҳужжатлар, МДҲ мамлакатлари ва улар ўртасидаги икки томонлама муносабатлари, МДҲ мамлакатлари ва БМТ БАнинг савдо-иқтисодий алоқалари фаолияти акс эттирилган маълумотлари келтирилган электрон далилий илова мавжуд.

Тадбир иштирокчилари муаллифга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар ва батафсил жавоб олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати