Ўзбекистон Миллий кутубхонасида замонавий тожик адиблар китоблари кўргазмаси бўлиб ўтди

2017 йил 12 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида замонавий тожик адиблар китоблари кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбир ўзбек ва тожик халқларининг адабий, мусиқий, маданий ҳамда дўстона алоқаларни мустахкамлаш мақсадида ўтказилаётган Ўзбекистонда Тожикистон маданияти ва санъати кунлари доирасида ташкил этилди. Унда Тожикистон делегацияси вакиллари, Ўзбекистондаги Тожикистон элчихонаси ходимлари, ўзбек ёзувчилари ва шоирлари, адабиётшунослари ва таржимонлари ҳамда Ўзбекитсон Миллий кутубхонаси китобхонлари иштирок этдилар.

Замонавий тожик адиблар китоблари кўргазмаси доирасида ўзбек ва тожик шоир ва ёзувчиларининг ижодий учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Абдуазизов очиқ деб эълон қилар экан, меҳмонларини ва тадбир иштирокчиларини қутлади ҳамда дўстлик ва қўшничилик руҳида барқарор ривожланиб бораётган ўзбек-тожик муносабатлари мамлакатларимиз орасида ўзаро ҳамкорлик муносабатлари ва маданий алмашинувнинг мустаҳкамланиб боришига хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбирда Ўзбекистондаги Тожикистон Республикаси элчиси Имоми Содиқ Ашурбойзода, Тожикистон Республикаси Ёзучилар уюшмаси раиси Низом Қосим, Тожикистон Республика маданият вазирлиги халқаро алоқалар бўлими мудири Абдугаффор Абдужабборов, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Муҳаммад Али, “Ёшлик” журнали мухаррири Нодир Жонузоқ ва бошқалар иштирок этдилар.

Учрашув иштирокчилари Ўзбекистон ва Тожикистон халқларининг тиллари, урф-одатлари ва анъаналарининг ўзаро яқинлиги, тарихи, маданияти ва қадриятларининг ўхшашлиги ҳақида гапирдилар. Тадбирда шунигдек, ўзбек ва тожик шоир ва ёзувчилари адабий алоқаларининг мустахкамланиши, иккала халқ бадиий асарларининг таржимаси сифатининг ошишига олиб келишига умид боғладилар.

Шунингдек, учрашув иштирокчилари ўзбек ва тожик адибларининг адабий алоқалари, ҳамкорликдаги ишлари, Тожикистонда ўзбек адабиёти намоёндалари ижодига бағишланган илмий изланишлар ва Ўзбекистонда таниқли тожик шоир ва ёзувчилар ижодининг ўрганилиши ҳақида сўзладилар.

Дўстона муҳитда ўтган икки мамлакат шоир ва ёзувчиларнинг ижодий учрашувида адиблар ўз китоблари билан алмашдилар ва келажакда ҳамкорликда ишлаш режаларини келишиб олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати