Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Ризқ дарахти” китобига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди

2017 йил 11 октябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида таниқли публицист Аҳмаджон Мелибоевнинг “Ризқ дарахти” китобига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда таниқли адабиётшунос олимлар, ёзувчилар, муаллифнинг шогирдлари ҳамда кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, шоир Шукур Қурбон тадбир қатнашчиларини қутлади, китобсеварларни янги нашр билан табриклади юксак журналистик маҳорат билан ёзилган бадиий-публицистик асар “Ризқ дарахти” китобининг муаллифи Аҳмаджон Мелибоев ижоди тўғрисида алоҳида тўхталди. “Китобда берилган биргина “Балиқ фалсафаси” ҳикоясида муаллифнинг ҳаётий кузатувлари бадиий бой тарзда берилган. Ҳикояда  жамиятимиздаги баъзи иллатлар усталик билан тасвирларнгани”, деди Ш.Қурбон ва мазкур ҳикоядан таъсирланиб ёзган тўртлигини ўқиб берди.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳарири Азимбой Бобониёзов Аҳмадали Мелибоевнинг педагогик фаолияти ва журналистик маҳоратини эътироф этди ва “Юртимизда сўнгги пайтларда китобга, китобхонликка юксак эътибор қаратилиб, бу йўлда қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. “Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйида таниқли публицист, “Дўстлик" ордени соҳиби Аҳмаджои Мелибоевнинг “Ризқ дарахти” деб номланган китоби нашр этилди. Аҳмаджон Мелибоевни кўпчилик моҳир журналист, забардаст публицист сифатида яхши танийди. Бугунги кунга қадар муаллифнинг турли мавзулардаги кўплаб китоблари нашр этилган ҳамда китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Муаллифнинг ушбу китоби ҳам долзарблиги жиҳатидан аввалгиларидан асло қолишмайди. Китоб кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган бўлса-да, у журналистика факультетларида таҳсил олаётган талаблар учун хам яхши қўлланма бўла олади”, - деди А.Бобониёзов.  

Тадбирда, шунингдек, ёзувчи Исажон Султон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси хорижий мамлакатлар билан алоқа қилиш бўлими бошлиғи Адхамбек Алимбеков, Деҳли университети ўзбек тили ва адабиёти кафедраси мудири Шаҳид Таслим, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бўлиб бошлиғи Гулчеҳра Умарова, филология фанлари номзоди Зуҳриддин Исомидинов, социология фанлари доктори, профессор Абдусалом Умаровлар сўзга чиқиб, муаллифнинг публицистик ижоди,  унинг журналистик маҳорати ва педагогик фаолияти тўғрисида ўз фикрларини билдирдилар. Шунингдек, улар китобдан ўрин олган ҳиқоялар борасида ўз таассуротлари билан ўртоқлашдилар. “Публицистик асар, хоҳ у кичик қатра, таҳлилий мақола ёки бадиий эссе бўлсин, тилининг жозибаси, муаллиф фикрининг салмоғи ва образли мушоҳадаси билан ўқувчи онгига тез етиб боради, уни жамият ҳаётида кечаётган жараёнларни қалбан идрок этишга, тегишли хулосалар чиқаришга ва ижтимоий фаолликка ундайди. Аҳмаджон Мелибоевнинг ушбу тўпламига жамланган мақолалари мавзу ва жанр жиҳатидан ранг-баранг бўлиб, улардаги куйинчаклик китобхон кўнглида ҳам маълум мушоҳадалар пайдо қилади”, - деди ёзувчи Исажон Султон.

 Тадбир иштирокчилари тақдим этилаётган китоб билан яқиндан танишиш ва ўз таассуротларини изҳор қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати