Ўзбекистон Миллий кутубхонасида саргузашт ва детектив жанридаги китоблар кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг учинчи қавати фойесида саргузашт ва детектив жанридаги, ҳамда соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи китоблар кўргазмаси очилди. Кўргазмада тақдим этилган китоблар китобхонларни нафақат ушбу жанр асосчилари балки замонавий муаллифларнинг асарлари билан ҳам таништиради.

Кўргазма уч рукндан иборат бўлиб, рукнлар “Соябон остида оилавий мутолаа”, “Изқуварлар олами” ва “Ўзинг танла” деб номланган.

Бугунги кунда мамлакатимизда оилада соғлом муҳитни яратиш, оилаларда мутолаа маданиятини шакллантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Чунки, айнан, ота-оналар ўз фарзандига унинг биринчи китобини ўқийдилар, ундаги расмларни биргаликда кўрадилар. Айнан ота-оналар фарзандларига китобларини танлайдилар, сотиб оладилар ва ўз фарзандларига қандай китоб ўқиш кераклигини маслаҳат берадилар. “Соябон остида оилавий мутолаа” рукнида барчага бирдек манзур китоблар тақдим этилган: хорижий ва ўзбек мумтоз адабиёти, янги келиб тушган адабиётлар, шоҳ асарлар, жиддий ва ҳажвиявий китоблар, фантастика ва саргузашт асарлар. Айниқса, маҳзун кузнинг узун кечаларида оила даврасида китоб ўқиш нақадар мароқли. Кўпгина машҳур ёзувчилар, шоирлар, рассомлар, мусиқачилар ҳам ўз асарларини айнан куз фаслига бағишлаганлар. Уларнинг асарларида куз ёрқин рангларда, хушчақчақ, романтик, маъюс характерларда тасвирланган.

Китобхонлар “Изқуварлар олами” рукнидаги детективларни ўқир эканлар, мутолаадан чуқур таассуротлар оладилар. Ушбу рукнда  хорижий ва ўзбек ёзувчилари - Эдгар По, Артур Конан Дойл, Агата Кристи, Гилберт Честертон, Джеймс Хедли Чейз, Ли Чайлд, Борис Акунин, Марина Семёнова, Полина Дашкова, Татьяна Устинова, Тоҳир Малик, Анвар Намозов, Рустам Жабборов, Илҳом Зоир, Исмоил Шомуродов, Зулайҳо Машариповаларнинг машҳур детектив ва саргузашт асарлари ўрин олган.

"Ўзинг танла" рукнида китобхонлар соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи китоблар билан танишадилар. Мазкур рукн остида китоб жавонларидан ўрин олган китоблар сизга соғлиғингиз ва ташқи қўринишингиз билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда кўмаклашадилар. Бу ерда соғлиқни мустаҳкамлаш, сақлаш, келишган қоматга эга бўлиш каби мавзулардаги китоблар ўрин олган. Кўргазмада тўғри овқатланиш масаласига тўғри ёндашиш, уни тўғри ташкил этиш ва овқатланиш тартибига риоя қилиш бўйича адабиётлар тақдим этилган. Мазкур рукндан зарарли одатлар, уларнинг профилактикаси, витаминларнинг асосий манбаи бўлмиш мева ва сабзавотларга доир адабиётлар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати