Ўзбекистон Миллий кутубхонасида А.Иброҳимовнинг “Илдизим ва ўзим” тарихий ҳужжатли романининг тақдимоти бўлиб ўтди

2016 йил 26 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Илдизим ва ўзим” тарихий ҳужжатли романининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда ёзувчилар, тарихчи олимлар, ҳуқуқшунослар, файласуфлар, ОТМ талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, олим, адиб ва таржимон Иброҳим Гафуров тақдимот иштирокчиларини асарнинг ғоявий мазмуни билан таништирди ва “ Таниқли ёзувчи, драматург, публицист, олим ва педагог Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг “Илдизим ва ўзим” тарихий ҳужжатли романи ёш авлоднинг маънавий баркамол бўлиб етишишида муаллифнинг шахсий намунаси орқали юксак бадиий маҳорат билан тасвирланган китобдир. Унда адиб барча қийинчиликларни кучли матонат билан енгиб, ўз мақсади сари интилади.

Китоб ҳар бир ўқувчини ватанпарварликка, инсонпарварликка, келажакка, яхши ҳаётга чорлайди”, деди. Юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов “Илдизим ва ўзим” тарихий ҳужжатли романида Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг бадиий, сиёсий, ҳуқуқий ёндошувини, йўналишлар уйғунлигини таъкидлади ва “Абдуқаҳҳор Иброҳимов мазкур асарида маҳорат билан ватанпарварлик, инсонпарварлик миллий менталитет ва ўзбк халқининг миллий қадриятларига бўлган муносабатини ифодаловчи ҳаётий воқеаларга китобхонлар эътиборини қаратади. Бу китобда барчамизга аввалдан таниш бўлган ўзбекона урф-одатларимиз, анъаналаримиз янгича акс эттирилган бўлиб, китобхонларни уларни эъзозлашга ва келажак авлодга етказишга ундайди”, деди. Филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев мазкур китобни мутолаа қилган ҳар бир инсон ўша давр оилаларининг турмуш тарзи, рўзғори, тарихий воқеликлари ва бўёқдорлигини ҳис эта олишини алоҳида таъкидлади.

Тақдимотда сўзга чиққанлар Абдуқаҳҳор Иброҳимовнинг республикамиз ижодий, ижтимоий, ғоявий ва мафкуравий ҳаётида фаол қатнашиб, мамлакатимизнинг етакчи газета ва журналларидаги репортаж, мақола, тақриз, суҳбатлари, илмий изланишлари, шунингдек талаба ва ўқувчилар учун тайёрлаган услубий қўлланмалари ҳақида сўзладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати