Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Англия кунига бағишланган кеча бўлиб ўтди

2016 йил 25 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Англия кунига бағишланган кеча бўлиб ўтди. Тадбир апрель ойида Британияда нишонланадиган барча умумхалқ байрамларига бағишланди. Бу – Буюк Британия Қироличаси Елизаветта II нинг 90 йиллиги, Англия ҳомийси Муқаддас Георгий куни, инглиз ёзувчиси Шекспирнинг таваллуд ва ўлимининг 400 йиллигидир. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчиларини Британия маданияти, анъаналари ва адабий мероси билан таништириш мақсадида ўтказилган мазкур тадбир доирасида танловлар ва викториналар бўлиб ўтди.

 

Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Кристофер Аллан Англияда апрель ойда нишонланадиган байрамлар ҳақида маълумот берди. ”Буюк Британия Қироличаси Елизаветта II апрель ойида таваллуд топганлиги сабабли бу ой Англия халқининг энг севимли ойи ҳисобланади. Бутун Бирлашган Қироллик унинг таваллуд кунини  нишонлайди. Бу ойда шунингдек, Англия ҳомийси Муқаддас Георг куни ҳам нишонланади. Шу муносабат билан мамлакатнинг турли шаҳарларида байрамлар ўтказилади. Халқ сайлларининг маркази Лондондаги Трафальгар майдони ҳасобланади. 23 апрель куни эса инглиз драматурги ва шоири, Уйғониш даври адабиёти намоёндаси Уильям Шекспирнинг таваллуд топган куни енишонланади ва ўлган куни хотирланади. У комедия ва трагикомедия жанрларида ҳам юксак санъат асарлари яратган. Шекспирнинг трагедияларида бўлгани сингари, комедияларидаги қаҳрамонлари ҳам катъий характерга эга бўлган, онги ва ахлоқий қарашлари шаклланган, воқеликка ҳушёр кўз билан қаровчи, кучли ва мард инсонлардир”, деди элчи.

 

Тадбир доирасида ёшларимизнинг инглиз халқи миллий анъаналари, адабий меросини билиш даражасини баҳоловчи викторина ва томоша қилинган фильм юзасидан баён танлови бўлиб ўтди. Викторинада кутубхона фойдаланувчилари ўзларининг инглиз тилини ўзлаштирганлик даражасини намоён этиб, Англия қироллиги тарихи, инглиз анъаналари ва урф-одатлари, инглизларнинг севимли  спорт турлари, тарихий меъморчилик обидалари ва Шекспир ҳаёти ва ижоди бўйича саволларга жавоб бердилар.

 

Англия кунига бағишланган кеча Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчиларида яхши таассуротлар қолдирди, викторина ва танлов ғолиблари эса Британия элчихонасининг эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати