Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди

2016 йил 25 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида профессор С. Носирхўжаев ва ф.ф.д., профессор С.Аъзамхўжаеваларнинг “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” деб номланган китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда тилшунослар, файласуфлар, фалсафа факультетлари талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев тақдимот қатнашчиларини қутлади ва баркамол авлод тарбиясида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг ўрнини ва китобхонларни миллий адабиётимиз асосчилари, маърифатпарвар аждодларимиз, илм-фан, адабиёт ва санъат фидоийлари билан таништирувчи “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” китобининг аҳамиятини алоҳида таъкидлади.

 

Иқтисод фанлари доктори, профессор Ёрқин Абдуллаев тақдимот қатнашчиларини китоб билан таништирар экан, тарих фанлари доктори, профессор С. Носирхўжаев ва ф.ф.д., профессор С.Аъзамхўжаеваларнинг “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” деб номланган китоби ёшларда аждодларимиз мероси ва миллий маънавиятимизга фахр-ифтихор туйғусини уйғотиб, буюк боболарга муносиб авлод бўлиб етишишга ундашини эътироф этди. Китобда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ҳозирги энг муҳим, долзарб вазифалари – ёш авлодни камол топтириш, унинг қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, ўзлигини англаш,  ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган  нутқлари ва китобларидан иқтибозлар олингани ҳақида алоҳида тўхталди.

 

Фалсафа фанлари доктори, профессор Нигина Шермуҳаммедова китобнинг тузулиши ва мазмуни ҳақида сўзлади. “Китоб тўққиз бобдан иборат бўлиб, унда Ўзбекистоннинг Мустақилликка эришиш тарихи, миллий маънавий меросимиз, Ватанимизнинг буюк алломалари, миллий адабиётимиз асосчилари, буюк маърифатпарвар-жадидчилиқ ҳаракати вакиллари, илм-фан, адабиёт ва санъат фидоийлари ҳақида ҳикоя қилинади. Шунингдек, бу ерда ёшларнинг ҳар томонлама етук шахс бўлиб етишишида, уларнинг фуқаролик позициясини, ўз фикрини эркин баён эта олиш кўникмасини ва Ватанимиз келажаги учун жавобгарлик ҳиссини шакллантиришда маҳалла ва оиланинг аҳамияти белгилаб берилган”, деди Н.Шермуҳамедова.  

 

Юридик фанлари доктори, профессор Лола Саидова Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” деб номланган китобнинг тарбиявий аҳамияти ва моҳиятини тушунтириб ўтди: “Т.ф.д., профессор С.Носирхўжаев ва ф.ф.д., профессор С.Аъзамхўжаеваларнинг мазкур китоби кўргазмали ва изоҳли маърифий-услубий қўлланма бўлиб, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг синфда, синфдан ташқари, шунингдек, оила даврасида ўқишлари учун мўлжалланган”, деди у.

Тақдимот қатнашчилари, шунингдек, қитобнинг ягона ўқув-услубий комплексини ташкил этувчи кўргазмали плакатлар билан яқиндан танишиш ва зўзларини қизиқтирган бирча саволларга жавоб олиш имконига эга бўлдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати