“Central Asia – 2016. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ- КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” X Халқаро конференцияси доирасида шўъба йиғилишлари бўлиб ўтди

2016 йил 22 апрель куни Самарқанд давлат университетининг ахборот-ресурс марказида  “Central Asia – 2016. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА АХБОРОТ- КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” X Халқаро конференцияси доирасида ахборот-кутубхона соҳаси мутахассисларининг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлашга, уларнинг етакчи тажрибаларини алмашишга, кутубхоналарнинг замонавий кўринишини шакллантиришга ва ахборот технологияларини тадбиқ этишга йўналтирилган шўъба йиғилишлари, семинар-тренинглар, маҳорат дарслари, вебинар ва тренинглар бўлиб ўтди.

Биринчи шўъба йиғилиши ахборот-кутубхона фаолияти назарияси ва амалиётининг вазифа ва истиқболларига бағишланган бўлиб, унда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг маълумотларини ахборот-кутубхона марказларига тақдим этиш механизми, Ўзбекистонда ҳарбий хизматчиларнинг маънавиятини шакллантиришда ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда кутубхоналарнинг аҳамияти, ахборотлашган жамиятда шахс тарбияси,  Алишер Навоий асарларини библиографиялаш тажрибаси, таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказларига ўқувчи-ёшларни жалб этиш, нашрларнинг мажбурий нусхалари ва уларнинг аҳамияти, таълим соҳасида  ахборот  кутубхона  ресурслари: ахборот – ресурс  марказининг  вазифалари, ахборот-кутубхона ресурсларини каталоглаштириш қоидалари, жамоа билан ишлаш-инновацион ривожланиш йўли, ахборот-кутубхона ресурсларини нодир ва алоҳида қимматли ахборот-кутубхона ресурсларига киритиш, уларни сақлаш ва фойдаланиш, «Румянцевские чтения – 2016» Халқаро илмий-амалий конференциясида иштирок, библиографик ёзувларга қўйиладиган функционал талаблар: кўп жидлик нашрлар мисолида, сиҳатгоҳлар фаолиятида кутубхоналарнинг ўрни, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тажрибасида халқаро универсал ўнлик таснифи (УДК) тизимида олиб борилаётган ишлар, ёшлар тарбиясида ахборот-ресурс марказларининг роли, ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг айрим тенденциялари ва вазифалари ҳақида сўз борди.

“Фан ва таълим ривожида ахборот-кутубхона фаолиятининг ўрни ва аҳамияти, маданият ва санъат соҳасида ягона ахборот макони” мавзусига бағишланган иккинчи шўъба йиғилишида маърузачилар таълим тизимини ривожланишида электрон кутубхоналарнинг тутган ўрни, илм – фанда ёзма манбалар: Қорақалпоқ  фольклори ва халқ оғзаки ижодиёти намуналари, таълим соҳасида замонавий ахборот-ресурс марказларидан  фойдаланиш, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошидаги ҳорижий тилларни ривожлантириш ва оммавийлаштириш маркази мисолида фойдаланувчилар билан ишлашдаги янги имкониятлар, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тасарруфидаги таълим муассасаларининг ахборот-ресурс марказлари фаолиятига, ахборот-кутубхона муассасаларининг ривожланишида кадрлар масаласи, ахборот-кутубхона фаолияти ва унинг ривожланиш босқичи, кутубхона ходимларининг  малакасини ошириш тизими, таълимда ахборот-кутубхона фаолиятини такомиллаштириш, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фаолият юритаётган «Кореяга нигоҳ» ўқув залининг ташкил этилиши ва корейс тилини ўрганишга бўлган эътибор ҳақида алоҳида маълумот бердилар.

Учинчи шўъба “Ахборот-кутубхона муассасаларининг нашриётлар, архивлар ва музейлар билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзусига бағишланди. Унда аудиовизуал меросни рақамлаштиришнинг долзарб масалалари, архив фондларининг марказлашган давлат ҳисобини юритишда Ўзбекистон Республикаси миллий архив фонди давлат каталогининг автоматлаштирилган ахборот тизими аҳамияти, музейлардаги фотопластинкаларни рақамлаштириш орқали ягона электрон база яратишнинг ўзига хос хусусиятлари, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар: асар муаллифларининг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва мулкий ҳуқуқлари ҳақида мунозаралар юритдилар.

Тўртинчи шўъбада ахборот тизимига боғланишда учрайдиган айрим муаммолар, яъни фойдаланувчиларга электрон кутубхона хизматини кўрсатиш: ахборот-кутубхона муассасалари олдида турган асосий вазифалар ҳусусида, йиғма  электрон  каталог  яратишда илғор кутубхоналар  тажрибаси, Аҳмад Фарғоний номидаги Фарғона вилоят  ахборот-кутубхона марказида автоматлашган тизим хизматларидан фойдаланишнинг янги имкониятлари, электрон кутубхоналарни шакллантиришда нашриётлар билан хамкорлик, аграр соҳасида ахборот ва комуникация воситаларидан оқилона фойдаланиш истиқболлари ҳақида маърузалар тингланди.

Конференция доирасида ахборот-кутубхона соҳаси мутахассислари учун ахборот маданияти ва ахборот-медиа саводхонлигини ошириш масалаларига бағишланган “Ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш шароитида фойдаланувчиларнинг ахборот маданиятини ва медиа саводхонлигини шакллантириш масалалари” мавзусида семинар-тренинги бўлиб ўтди.

Илмий изланишлар олиб бораётган талаба, бакалавр, магистр ва илмий ходимларга ахборот-кутубхона хизматини EBSCO ва ProQuest электрон маълумотлар базалари билан ишлаш асосларига бағишланган маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

Конференция доирасида Мэриленд кутубхоналари консорциуми директори, «Фулбрайт специалист» дастури стипендиати Чарльз Томас электрон кутубхоналар яратилишининг асосий вазифалари, ахборот ресурсларининг рақамлаштириш дастури, электрон кутубхоналарни ташкил этиш ва бошқариш каби жиҳатларини ўз ичига олган стратегияларга бағишланган тренинг ўтказди.

Маърузалар юзасидан бўлиб ўтган мухокама жараёнида ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришнинг янги йўллари ва ижтимоий-маданий муҳитда ахборот-кутубхона муассасаларининг интеллектуал макондаги роли ва ўрнини ойдинлаштирадиган фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати