“Central Asia – 2016. ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ- КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА” X Халқаро конференцияси очилди

 

2016 йил 21 апрель куни “Central Asia – 2016. ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ- КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА” X Халқаро конференциясининг тантанали очилиши бўлиб ўтди. Конференциянинг очилиш маросимида вазирлик, идоралар вакиллари ва тадбир ташкилотчилари қатнашчиларни қутладилар. X Халқаро анжуманининг иштирокчиларини қутлар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев унинг фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларни ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг амалий натижа берадиган ва самарали ҳамкорлигини кучайтиришга йўналтирилган мақсади билан таништирди ва “Мазкур X Халқаро анжуманининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши бежиз эмас, бу бизнинг Самарқандда ўтказган I Халқаро конференциямиздан буён ўтган вақт оралиғида бажарилган ишларимиз натижасини кўришга имкон берадиган сарҳисобдир,”дея эътироф этди.

Конференция ялпи мажлисида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаевнинг ахборот жамиятини шакллантириш муаммолари, Чехия Миллий кутубхонаси департаменти директори А.Кноллнинг рақамлаштирилган муҳитда Чехия кутубхоналарининг ҳамкорлигини ривожлантириш, “Ўзархив” агентлигининг бош директори А.Абдуллаевнинг иерархик тизимда архив ишларини  бошқариш даражаси бўйича корпоратив ахборот тизими таснифи, ЮНЕСКО халқаро эксперти, Кемерово давлат маданият ва санъат университети, ижтимоий соҳа ахборот технологиялари илмий тадқиқот институти директори, п.ф.н., профессор Н.Гендинанинг  ахборот жамияти таҳдиди ва хатарлари шароитидаги таълим кутубхоналари, Корея Миллий кутубхонасининг электрон кутубхонаси директори Ким Сунг Ининг Корея Республикасида электрон кутубхоналар трендлари,  Латвия Миллий кутубхонаси директори Д.Муканенинг Латвия Давлат кутубхонасида мақсадли гуруҳлар учун кутубхоналар ва нашриётларнинг янги хизматлари,  Қозоғистон Миллий кутубхонаси даврий нашрлар хизмати раҳбари Ф.Абатованинг Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхоналарида кутубхона ресурслари ва ахборот очиқлигини таъминлаш, Британия кутубхонаси Европа ва Америка маданияти бўлими раҳбари Д.Зморчекнинг Британия кутубхонасининг инновацион ҳамкорлик ва рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳалари орқали маданий меросни тарғиб этиш, Грузия қўлёзмалар миллий маркази директори З.Абашидзенинг Грузия қўлёзмалари Миллий марказининг электрон базалари,  Борис Ельцин номидаги Президент кутубхонасининг бош библиографи А.Сакаевнинг архивлар ва музейлар, киностудиялар ва телекомпаниялар билан ҳамкорлиги, Озарбайжон Миллий кутубхонаси илмий котиби А.Джафарованинг Озарбайжон адабиётини халқаро даражада танитишда Озарбайжон Миллий кутубхонасининг ўрни, Тбилиси давлат кутубхонаси директори И.Гарибашвилининг Грузияда кутубхоналар ривожи ҳолати масалаларига бағишланган  маърузалари тингланади.

Ялпи мажлисда сўзга чиққанлар ўз кўргазмали тақдимотларида ахборот-кутубхона муассасаларида амалга оширилаётган ишлар, янгиликлар, лойиҳалар, ахборот-кутубхона муассасасида фойдаланувчиларга кўрсатилаётган хизматлар ҳақида сўзлаб бердилар.   

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати