Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муборак ая Зарипова таваллудининг 110 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди

2016 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муборак ая Зарипова таваллудининг 110 йиллигига бағишланган ижодий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда Зариповларлар сулоласи вакиллари, санъатшунослар, цирк ва театр артистлари, Республика эстрада-цирк коллежи ўқувчилари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирда Зариповлар сулоласи асосчилари, ҳусусан биринчи ўзбек қизиқчи–аёл Муборак ая Зарипова ижоди ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Санъатшунос А.Раҳимов Карим ва Муборак ая Зариповаларнинг Ўзбекистонда цирк санъати ривожига ва дунеёда чавандозлик санъатининг оммалаштиришга қўшган хиссаларини алоҳида эътироф этди.

“Ўзбекистон халқ артисти Ҳаким Зарипов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ҳолида Зариповаларнинг онаси. Муборак ая турмуш ўртоғи Карим Зарипов билан биргаликда малла ва оқ қизиқчи қиёфасида ўша давр жамиятининг иллатлари, дангаса ва мақтанчоқ инсонларнинг камчиликлари устидан кулиб турли томошалар ташкил этардилар. Шундай бўлсада, Зариповлар сулоласи бутун дунёга от ўргатувчи ва чавандозлар санъати усталари сифатида танилган”. Санъатшунослик фанлари номзоди, Миллий рақс ва хореография Олий мактаби доценти П.Ташкенбаев ўзбек цирк санъати пайдо бўлиши, ривожи ва ҳусусан,Муборак ая зарипованинг санъатининг шаклланишига ўша давр тарихий воқеаларининг таъсири ҳақида маълумот берди.

Тошкент Давлат цирки фаҳрийси К.Болтаев Ўзбекистон халқ артистлари Ҳаким Зарипов ва Ҳолида Зариповалар ва сулоланинг ҳозирги вакиллари билан таништирди.

“Бугунги кунда Зариповлар сулоласининг вакиллари аждодлари - Муборак ая ва Карим Зариповларнинг табаррук касбини муносиб давом эттириб келмоқдалар ва дунё цирк манежларида дунёни ларзага солувчи уникал чиқишларини тақдим этиб келмоқдалар.Зариповлар цирк сулоласи вакилларирин кўпгина томошалари жаҳоннинг Гиннес Рекордлар китобига киритилган. Сулоланинг тўртинчи авлоди ўз боболари меросини сақлаган ҳолда, замонавий кўринишлар билан бойитиб томошабинлар қалбини забт этиб келмоқда. Бу эса Зариповлар цирк сулоласи яна кўп йиллар цирк ишқибозларини қувонтириб келишига ишорадир”.

Тадбирда, шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти К.Сержанов ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Дустлик” ордени соҳиби, Республика эстрада-цирк коллежи директори Карима Зариповалар сўзга чиқдилар.

Тадбирга Республика эстрада-цирк коллежи ўқувчиларининг “Эквилибр”, “Масхарабозлик”, “Қўғирчоқ театри”, “Иллюзия”, “Актёрлик санъати”, “Эстрада хонандалиги” ва “Эстрада рақси” йўналишидаги чиқишлари якун ясади.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Муборак ая Зарипова таваллудининг 110 йиллигига бағишланган тадбир доирасида Зариповлар сулоласи асосчилари, ҳусусан биринчи ўзбек қизиқчи–аёл Муборак ая Зарипова ижоди, унинг санъати давомчилари, Зариповлар сулоласининг ёш вакиллари довруғи, халқаро цирк санъати фестивалларида муваффақиятли иштироки ҳақида ҳикоя қилувчи фото кўргазма очилди.