Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Самарқанд шаҳрида “Central Asia – 2016” X Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди

2016 йил 20 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси Самарқанд шаҳрида “Central Asia – 2016. ФАН, ТАЪЛИМ, МАДАНИЯТ ВА БИЗНЕСДА ИНТЕРНЕТ ВА АХБОРОТ-КУТУБХОНА РЕСУРСЛАРИ” X Халқаро конференциясига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди. Матбуот анжуманида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.
Матбуот анжуманида ОАВ вакилларига Самарқанд шаҳрида 21-23 апрель кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро конференция тўғрисида маълумот берилди.
Анжуман мақсади – фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот-ресурсларини қўллаш ва ривожлантиришда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музейлар ва бошқа ташкилотлар ўртасида таъсирчан ҳамда самарали ҳамкорликни фаоллаштириш.


Конференция ташкиолотчилари: Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, маданият ва спорт ишлари вазирлиги, ўрта-махсус ва касбий таълим маркази, Фанлар академияси, “Узархив” агентлиги, Интеллектуал мулк агентлиги, Самарқанд вилоят ҳокимияти,Самарқанд давлат университети ва Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти.
Анжуманда 250дан зиёд республикамизнинг турли идора, вазирликлари ва ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари ва АҚШ, Буюк Британия, Чехия, Россия, Латвия, Қозоғистон, Озарбайжон ва Жанубий Кореядан ташриф буюрадиган 18 нафар хорижий қатнашчилар иштирок этадилар.


Конференция дастурига мувофиқ биринчи кунда ахборот жамиятини шакллантириш муаммолари, рақамлаштирилган муҳитда Чехия кутубхоналарининг ҳамкорлигини ривожлантириш, иерархик тизимда архив ишларини бошқариш даражаси бўйича корпоратив ахборот тизими таснифи, ахборот жамияти таҳдиди ва хатарлари шароитидаги таълим кутубхоналари, Корея Республикасида электрон кутубхоналар трендлари, Латвия Давлат кутубхонасида мақсадли гуруҳлар учун кутубхоналар ва нашриётларнинг янги хизматлари, Америка кутубхоналарида “Ўзимиз бажарамиз!” ҳаракати, Қозоғистон Республикаси Миллий кутубхоналарида кутубхона ресурслари ва ахборот очиқлигини таъминлаш, Британия кутубхонасининг инновацион ҳамкорлик ва рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳалари орқали маданий меросни тарғиб этиш, Грузия қўлёзмалари Миллий марказининг электрон базалари, Борис Ельцин номидаги Президент кутубхонасининг архивлар ва музейлар, киностудиялар ва телекомпаниялар билан ҳамкорлиги, Озарбайжон кутубхонасининг Озарбайжон адабиётини халқаро даражада танитишдаги ўрни, Грузияда кутубхоналар ривожи ҳолати тўғрисида маърузалар тингланади.


22 апрель куни ахборот-кутубхона фаолияти назарияси ва амалиёти: вазифа ва истиқболлари, фан ва таълим ривожида ахборот-кутубхона фаолиятининг ўрни ва аҳамияти, маданият ва санъат соҳасида ягона ахборот макони, ахборот-кутубхона муассасаларининг нашриётлар, архивлар ва музейлар билан ўзаро ҳамкорлиги, автоматлаштирилган ахборот-кутубхоначилик тизимлари ва технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган шўъбалар мажлислари бўлиб ўтади.
Шунингдек, ахборот кутубхона хизмати кўрсатиш шароитида фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантириш масалаларига бағишланган семинар-тренинг, “EBSCO” ва “ProQuest” электрон маълумотлар базалари билан ишлаш асослари билан таништирувчи маҳорат дарслари ва Мэриленд кутубхоналари консорциуми ҳудудийдан миллий мақомгача эга бўлган электрон кутубхоналар стратегиялари ҳақида маълумот берувчи тренинглар ўтказилиши режалаштирилган.
ОАВ вакиллари анжуман иштирокчилари, ташкилотчилари, тадбирлар тематикаси, маърузалар тўпламига доир ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати