Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ахборот-кутубхона мутахассисларининг ахборот маданияти ва медиасаводхонлигини шакллантириш масалаларида малакасини ошириш бўйича тренерлар учун тренинглар ўтказилмоқда

2017 йил 17-24 апрель кунлари Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ахборот-кутубхона соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш даврида Ўзбекистон ахборот-кутубхона муассасалари ишига ахборот маданияти ва медиасаводхонликни қўллаш соҳасини кенгайтириш” лойиҳаси доирасида ахборот-кутубхона муассасалари мутахассислари учун ахборот маданиятини ва медиа саводхонлигини шакллантириш бўйича тренинглар бўлиб ўтмоқда.

 

 ИФЛА ва "Ахборот ҳамма учун" ЮНЕСКО Дастурининг Россия кўмитаси доимий аъзоси, эксперт, Кемерово давлат маданият ва санъат университети, ижтимоий соҳа ахборот технологиялари илмий тадқиқот институти директори, профессор Н.И.Гендина ва «Мактаб ўқувчисининг ахборот маданияти» ўқув-услубий мажмуаси тақдимоти ҳаммуаллифи Е.Косолапова томонидан олиб борилган тренингларда республика ахборот-кутубхона муассасаларининг 30 нафар мутахассислари иштирок этдилар.

Тренинглар ишини очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонасининг маданият, коммуникация ва ахборот масалалари бўйича бўлим раҳбари С.Аллаёров, ахборот-кутубхона соҳасида лойиҳаларни чуқурлаштириш даврида соҳа мутахассисларининг ахборот маданиятини ва медиа саводхонлигини шакллантириш ва ахборот ва медиасаводхонликни узвий боғлиқликда ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.

 

“Инсон онгига турли йўллар, ахборот ташувчилар орқали таъсир қилувчи ахборотларнинг кўпайиб, ахборот хуружи авж олаётган бир даврда, бу муаммо болалар билан кўпроқ ишлашни тақозо этади. Мазкур масалани ҳал этишда таълим муассасалари билан бир қаторда тегишли ресурсларга, ахборот маданиятини шакллантириш тажрибаси бор малакали кадрларга эга болалар ва мактаб кутубхоналари хизмат қилади,” - деди ўз чиқишида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг Республика илмий-педагогик кутубхонаси методика бўлими раҳбари Р.Ратнер.

 

Тренингни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори вазифасини бажарувчи У.Тешабаева Ўзбекистон Миллий кутубхонаси республикамизда ахборот-кутубхона соҳасида дастурлар ва лойиҳалар ишлаб чиқиш ва соҳа мутаҳассисларининг ахборот маданиятини ва медиа саводхонлигини шакллантириш борасида Ўзбекистондаги ЮНЕСКО ваколатхонаси ва Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда ўтказилаётган турли тадбирлар ташаббускори ҳисобланишини эътироф этди.

Тренинг доирасида мутахассислар “Медиа саводхонлик ва шахснинг ахборот маданияти соҳасида халқаро етакчи йўналишлар” ва “Шахснинг ахборот маданияти: унинг тамоиллари, моҳияти ва тадбиқ этиш шартлари” каби мавзулар билан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати