Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Ўзбекистоннинг энг гўзал масканлари» деб номланган китоб-расмли  кўргазма очилди

2017 йил 18 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш кунига бағишланган “Ўзбекистоннинг энг гўзал масканлари” деб номланган китоб-расмли  кўргазма очилди. Кўргазмада кенг китобхонлар оммасининг дунё қарашини кенгайтиришга қаратилган Ўзбекистон маданияти, тарихи ва анъаналари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ўрин эгаллаган.

Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш кунини ўтказишдан мақсад – нодир ва бетакрор ёдгорликларни асраб-авайлаш, уларни умумбашарият мулки сифатида келажак авлодларга етказиш Ўзбекистоннинг миллий, маданий, тарихий ёдгорликлари, мамлакат ютуқлари билан таништиришдан иборат.  
ЮНЕСКО 1972 йил Парижда бўлиб ўтган симпозиумда Маданий ва табиий мерос ёдгорликларини муҳофазага олиш ҳақида резолюция қабул қилди. 1983 йилда БМТ томонидан 18 апрель – Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш куни, деб белгиланди. 2003 йилда ЮНЕСКО номоддий маданий меросларни муҳофазасига олиш ҳақида қарор чиқарди. 
Ҳозирги кунда миллий қадриятларимизни, юртимиздаги тарихий обида ва маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш, ўрганиш ва муҳофаза қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. 

Халқаро ёдгорликларни ва тарихий жойларни асраш кунига бағишланган “Ўзбекистоннинг энг гўзал масканлари” деб номланган китоб-расмли  кўргазмага ташриф буюрган  фойдаланувчилар  Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мавжуд мазкур мавзуга даҳлдор тарихий ва энциклопедик маълумотларга бой ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги китоблар билан танишдилар. Хусусан, “Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар”, “Ўзбекистон зиёратгохлари ва қадамжолари”, “Мустақиллик йилларида обод этилган муборак масканлари”, “Фарғона вилояти ўлкашунослик музейи”, “Тошкент”, “Ўзбекистон жаннатмакон юрт”, “Тошкент зиёратгохлари”, “Самарқанд музейи дурдоналари”, “Архитектура”, “Русский Париж”, “Қарши”, “Шедевры мировой архитектуры”, “Музей под открытом небом”, “Памятники мирового искусства”, “Искуство древнего Египта”, “Архитектура ХХ века”, “Очерки искусства средней Азии” китоблари фойдаланувчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати