Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фалсафа ва фанлар методологияси муаммоларига бағишланган илмий-назарий семинар бўлиб ўтди

2016 йил 15 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фалсафа ва фанлар методологияси муаммоларига бағишланган илмий-назарий семинар бўлиб ўтди. Семинар фалсафа фанлари доктори, академик Омонулла Файзуллаевнинг 95 йиллигига бағишланган бўлиб, унда Ўзбекистон ва жаҳонда замонавий фалсафа фанининг аҳволи, шунингдек, уни янгилаш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар, ўзбек фалсафаси ривожининг истиқболлари, миллий ғоя ва мафкура, фалсафа тарихи, диншунослик, маънавият асослари, онтология ва билиш назарияси, ижтимоий фалсафа, этика, эстетика ва бшқa йўналишлар бўйича долзарб муаммолар муҳокама этилди.

Илмий-назарий семинарни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси илмий котиби К.Турсунов, анжуман қатнашчиларини қутлади ва “Фалсафа фанлари доктори, академик Омонулла Файзуллаевнинг 95 йиллигига бағишланган мазкур илмий-назарий семинарнинг мақсади -  фалсафанинг, айнан Шарқ фалсафаси намоёндаларининг илмий ғоялари, жаҳон тамаддунида тутган ўрни, шунингдек, Омонулла Файзуллаевнинг фанлар методологияси муаммоларига бағишланган илмий изланишларини ёдга олиш ва унинг бугунги кунда долзарблигини эътироф этишдир”, деди.

Семинар иштирокчилари олдида фалс.ф.д., проф.М.Н.Абдуллаева,  фалс.ф.д., проф. Б.Р.Каримов, фалс.ф.д., проф. И.С.Хошимова, фалс.ф.д. Р.М.Имомалиева, фалс.ф.д., проф. Б.О.Тўраев, ф.ф.д., проф. Г.Т.Маҳмудова, фалс.ф.д., проф. Ш.С.Кушоковлар О.Ф.Файзуллаев ижодида инерция муаммоси, дунё тараққиётида тиллар ривожланишининг замонавий глобал муаммолари, устоз ҳақида, улкан қалб соҳиби, илм-фан тарихининг атоқли намоёндаси Омонулла Файзуллаев ва унинг мусиқа санъати, замонавий ўзбек фалсафаси тараққиётида О.Файзуллаев мактабининг аҳамияти ҳақидаги маърузалари билан иштирок этдилар.

Маърузалар бўйича бўлиб ўтган муҳокамадан сўнг илмий-назарий семинар ўз ишини “Онтология ва билиш назарияси”, “Фалсафа тарихи”, “Ижтимоий фалсафа”, “Фалсафа ва фанлар методологияси муаммолари ёш тадқиқотчилар нигоҳида” деб мавзулаштирилган шўъбаларда давом эттирди. Шўъбаларда кечган муҳокамаларда глобализация шароитида фалсафанинг мақсад ва вазифалари, ҳозирги даврда Ўзбекистон фалсафасининг мақоми, фалсафани ривожлантириш шакл ва усуллари каби назарий ва фалсафанинг амалиёт билан алоқаларини мустаҳкамлаш, фалсафий билимнинг ижтимоий-маданий ҳаёт эҳтиёжларини қондириш учун зарурлиги даражасини ошириш, фалсафанинг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамияти ва вазифалари, фан ва таълим интеграциясини ривожлантириш муаммолари, мактаб, ўрта махсус таълим муассасалари ва олийгоҳларда фалсафани ўқитиш жараёнинини такомиллаштириш масалалари каби амалий масалалар муҳокама этилди ва семинар иштирокчиларининг эътибори турли илмий мунозараларга асос бўлиб келаётган муаммоларнинг энг объектив ечимини аниқлашга  қаратилди.