Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Оилавий роллар, оилавий сценарийлар» мавзусида семинар бўлиб ўтди

2016 йил 13 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошидаги Оила ва бола тараққиёти маркази лойиҳаси асосида “Бахтли ота-она - бахтли фарзандлар” биринчи модули доирасида “Оилавий роллар, оилавий сценарийлар” мавзусида мунозара клубининг семинари бўлиб ўтди.  Ота-оналар, тарбиячилар, руҳшунос-талабалар ва кутубхона фойдаланувчилари иштирокида ўтган семинарни тажрибали руҳшунос О.Э.Аванесова олиб борди.

Семинар иштирокчилари соғлом ва носоғлом оилаларнинг мезонлари , болаларнинг турли шахс типлари, уларнинг тарбияси ва тақдирлари шаклланишида ота-оналарнинг ролларига баҳо беришди. Руҳшунос О.Э.Аванесова ҳамиша ғамхўрлик қилувчи, совғалар билан сийловчи, ишонувчи, лоқайд ва бошқа тарбия усуллари ҳақида сўзлаб, уларга хос хусусиятларни шархлаб берди.

Семинар машғулоти олиб борувчиси руҳшунос О.Э.Аванесова носоғлом оилалар муаммолариниг психологик тушунчалари, ғоявий асослари ва фарзандларнинг муносиб тарбиясига эришиш йўлида оилавий   сценарийларни ишлаб чиқишнинг муҳим аҳамияти ҳақида сўзлаб берди.    Оилавий муаммолар ва можароларнинг келиб чиқиш сабаблари билан таништирар экан, руҳшунос уларни олдини олиш ёки бартараф этиш, оила аъзоларининг роллари аниқ кўрсатиб берилган, ҳолатни тўғри ечишга олиб келадиган биронта сценарийни танлаб олиш зарурлиги ҳақида гапириб берди.

Семинар иштирокчилари кичик гуруҳларга бўлиниб, “золим”, “масхарабоз”, “қўзғолончи”, “оила қаҳрамони”, “мураккаб” ва “йўқолган” болалар типларига тўғри ёндошув йўлларини кўрсатиб берувчи сценарийлар турлари, уларда ота-оналар ва фарзандлар роллари ҳақида муҳокама қилдилар ва ўз кузатувларидан мисоллар келтириб ўз фикрларини тақдим этдилар.

Иштирокчилар мазкур мунозаралар натижасида ўзлари билан фарзандлари ўртасидаги муносабатлардаги ютуқлар, муносабатларини таҳлил қилишни ўрганганликлари, фарзандларига ўз имкониятларини тўғри баҳолашни ўргатаётганликлари, уларни ўзларини англашга, ўз хиссиётларин жиловлай олишга, асосийси бахтли бўлишга ўргатаётганликлари ҳақида тўлқинланиб гапириб бердилар.

 Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот маркази