Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди "Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” китоби билан бойитилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фонди 2016 йилда “Ўқитувчи” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан, 152 бет ҳажмда чоп этилган “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” номли китоб билан бойитилди.

“Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” китоби китобхонларни миллий адабиётимиз асосчилари, маърифатпарвар аждодларимиз, илм-фан, адабиёт ва санъат фидоийлари билан таништиради ва уларда аждодларимиз мероси ва миллий маънавиятимизга фахр-ифтихор туйғусини уйғотиб, буюк боболарга муносиб авлод бўлиб етишишга ундайди. Китобда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовнинг ҳозирги энг муҳим, долзарб вазифалари – ёш авлодни камол топтириш, унинг қалбида миллий ғоя, миллий мафкура, ўз Ватанига меҳр-садоқат туйғусини уйғотиш, ўзлигини англаш,  ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялашга қаратилган  нутқлари ва китобларидан иқтибозлар олинган.

Китоб тўққиз бобдан иборат бўлиб, унда Ўзбекистоннинг Мустақилликка эришиш тарихи, миллий маънавий меросимиз, Ватанимизнинг буюк алломалари, миллий адабиётимиз асосчилари, буюк маърифатпарвар-жадидчилиқ ҳаракати вакиллари, илм-фан, адабиёт ва санъат фидоийлари ҳақида ҳикоя қилинади.

Шунингдек, бу ерда ёшларнинг ҳар томонлама етук шахс бўлиб етишишида, уларнинг фуқаролик позициясини, ўз фикрини эркин баён эта олиш кўникмасини ва Ватанимиз келажаги учун жавобгарлик ҳиссини шакллантиришда маҳалла ва оиланинг аҳамияти белгилаб берилган.  

Т.ф.д., профессор С. Носирхўжаев ва ф.ф.д., профессор С.Аъзамхўжаеваларнинг “Ўзбекистон буюк алломалар Ватани” деб номланган китоби кўргазмали ва изоҳли маърифий-услубий қўлланма бўлиб, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг синфда, синфдан ташқари, шунингдек, оила даврасида ўқишлари учун мўлжалланган.