Ўзбекистон Миллий кутубхонасида америкалик “Exchange” гуруҳи ижодкорлари билан ижодий учрашув бўлиб ўтди

2016 йил 7 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида америкалик “Exchange” гуруҳи ижодкорлари билан “Янги  авлод мусиқаси – вокал мусиқасида поп ва джаз” мавзусида ижодий учрашув бўлиб ўтди. 5-11 апрель кунлари Американинг “The Exchange” вокал гуруҳи ўзаро ғоялар ва маданиятлар алмашинувини мақсадида Ўзбекистон бўйлаб санъат сафарини амалга оширмоқда. “The Exchange” гуруҳининг юртимизга сафари ЮНЕСКО шафелигида ўтказиладиган Ўзбекистондаги халқаро жаз фестивалининг таркибий қисмидир.

“The Exchange” беш нафар йигитдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ўзига хос овоз ва услубга эга. Бу “акапелла” гуруҳи саналиб, у чолғу жўрлигисиз қўшиқлар куйлайди, ижрода хилма-хил мусиқий усуллар -  ритм ва блюз, рок, госпел, опера ва ҳип-ҳопни қориштиради. Унинг товушида ҳар доим у қадар маромига етмаган, аммо жўшқин инсоний овозни илғайди киши. Ансамбль аъзолари қуйидагилар: Эйрон Спербер, Альфредо Остин, Кристофер Диаз, Жамал Мур ва Ричард Стейнер. “The Exchange” бутун дунё бўйлаб гастроллар уюштирган. Гуруҳ ташрифи АҚШ Давлат департаментининг америкача мусиқий жанрларни халқаро маданий алмашув ташаббуслари орқали намойиш этувчи “Америка мусиқаси хорижда” дастури доирасида ташкиллаштирилган.

Инглиз тилида ўтган   ижодий учрашувда иштирокчилар меҳмонларнинг шаҳар бўйлаб саёҳатига доир, хуш келган ўзбек таомлари, қайси ўзбек чолғулари билан танишгани каби ўзларини қизиқтирган мавзуларда саволлар билан мурожаат этдилар. Шунингдек, ижодкорларга уларнинг санъатига, касбига, куйлаш услуби ва техникасига, гуруҳнинг концерт репертуари ва ижодий режаларига даҳлдор саволлар берилди.

Гуруҳ қатнашчилари инглиз тилида мукаммал сўзлашаётган учрашув иштирокчиларининг билимларига тасаннолар айтдилар ва шаҳар бўйлаб саёҳатдан олган таассуротлари билан ўртоқлашдилар. “Менга, айниқса, Тошкент телеминораси жудаҳам ёқди. У ердан ям-яшил дарахтлар ва гулларга бурканган шаҳарга жуда гўзал манзара очилар экан, тоза ва шинам кўчалар ва уйлар менинг эътиборимни тортди”, деди Альфредо Остин. Ричард Стейнер эса доира, карнай ва сурнай каби миллий чолғалар билан танишгани ҳақида сўзлаб берди. “Доира бизнинг барабанга ўхшаш товуш чиқаргани билан унинг ихчам ва қулайлиги мени ҳайратга солди, карнай ва сурнай наволари эса қалбимдан чуқур жой олгани шубҳасиз”. Меҳмонлар, шунингдек, қисқа муддатда ёдларида қолган ўзбек сўзларини эсладилар. “Биз нафақат миллатлар маданияти, балки ўз тил бойлигимизни ҳам бойитиб борамиз. Масалан, “шўрва”, “палов” ва “беш” сўзлари менга ҳамиша серқуёш Ўзбекистонга қилган ташрифимизни эслатиб туради”, деди Жамал Мур.

“The Exchange” вокал гуруҳи қатнашчилари иштирокчиларга ўз репертуарларидан ўрин олган қўшиқлардан куйлаб бердилар. Кутубхона фойдаланувчилари эса ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар ва ташкил этилган ижодий учрашувдан мамнун бўлдилар.