Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Академикни ёд олиб” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

2017 йил 17 февраль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Илм” ўқув залида биокимёгар, Ўзбекистон ФА академиги, биология фанлари доктори, профессор Акмалжон Қосимов, таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Академикни ёд олиб” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада профессор Акмалжон Қосимовнинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан таништирувчи китоблар, унинг илмий асарлари ва фаолиятини ёритувчи газета мақолалари тақдим этилган.

 

Биокимёгар Акмалжон Қосимов 1937 йил 20 февралда  Андижон вилоятида туғилган. 1961 йилда Тошкент Давлат университетини тугатган. 1964-66 йилларда ТошДУ биофизика кафедрасида ассистент, 1966 йилда катта ўқитувчи, 1969-73 йилларда доцент, тупроқшунослик факультети декан ўринбосари, 1973-76 йилларда ўсимликлар физиологияси кафедраси мудири, 1976-92 йилларда Андижон педагогика институти ректори бўлиб ишлаган. 1978 йилда биология фанлари доктори бўлган. 1978 йилда профессор унвонини олган. 1992-93 йилларда вилоят ҳокими ўринбосари, 1993-95 йилларда Андижон Давлат университети ректори, 1995-2000 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси раиси ўринбосари лавозимида ишлаган. 2000 йилда Ўзбекистон ФА академиги. 2000-2004 йилларда ЎзР Халқ таълими вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Илмий ишлари радиоактив нурланиш, металларнинг ультрадисперсияли кукуни, паст ҳарорат ва тузларнинг ҳужайра ҳамда организмдаги физиологик ва биокимёвий жараёнларга таъсирини ўрганишга бағишланган.  

 

Биокимёгар, Ўзбекистон ФА академиги, биология фанлари доктори, профессор Акмалжон Қосимов, таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Академикни ёд олиб” деб номланган китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар олимнинг “Биохимия”, “Биохимиядан амалий машғулотлар” номли китоблари, илмий рисолалар ва газета мақолалари билан яқиндан танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати