Ўзбекистон  Миллий  кутубхонасида «Диний экстремистик оқимлар, миссионерлик, оммавий маданият билан боғлиқ мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2016 йил 6 апрель куни Ўзбекистон  Миллий  кутубхонасида «Диний экстремистик оқимлар, миссионерлик, оммавий маданият билан боғлиқ мафкуравий таҳдидларнинг олдини олиш» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон мусулмонлари Идораси, Республика Маънавият тарғибот маркази, Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази вакиллари, ОТМ профессор-ўқитувчилари, талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

 

Тадбирнинг мақсади ёшларимизга ислом динининг асл моҳиятини, турли ғаразли оқимлар ва ҳаракатларнинг тинчликка ва ҳавфсизликка солаётган таҳдиди, улардан ёшларимизни мухофаза қилиш, буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳамда бой маънавий-маърифий меросларини асраб-авайлашга қаратилган. Тадбир аввалида “Акромийлар – поёнига етмаган йўл” деб номланган, кўр-кўрона турли диний оқимларга қўшилиб қолиб, адашган, ҳатосига иқрор бўлган ва ҳақ йўлга қайтганлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли фильм намойиш этилди.

 

Давра суҳбатида Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази бош мутахассиси Иргаш Даминов, Тошкент Ислом университети ректори Хайдархон Йўлдошхўжаев, “Мовароуннаҳр” нашриёти масъул ходими Илҳом Маърупов, ф.ф.н. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети доценти Музаффар Артиқов, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий Университети катта ўқитувчиси Абдухолиқ Ташановлар сўзга чиқиб, диний экстемистик ташкилотларининг пайдо бўлиши, дунёда ислом ниқоби остида олиб борилаётган қўпорувчилик ҳаракатлар, Марказий Осиё минтақасида миссионерлик фаолиятини юритишга интилаётган диний ташкилотлар, ёшлар ўртасида “исломийлашув” жараёнларини ҳамда диний-экстремистик  оқимлар, “оммавий маданият” тушунчаси ҳақида сўзладилар. Шунингдек, тадбирда ижтимоий тармоқда мулоқот қилиш тартибларини ўргатиш, ёшларнинг медиа саводхонлигини юксалтириш ва кўнгилочар сайтлардаги ахборотлардан тўғри фойдаланиш этикасини шакллантириш мақсадида олиб борилиши лозим бўлган чора тадбирлар ҳақида сўз борди.

 

Тадбир иштирокчилари ҳозирги кунда ёшларнинг   жамиятдаги фаоллигини ошириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, шу орқали мамлакатимизнинг таррақиёти йўлида ўз ҳиссасини қўшиб яшашларига, унинг тинчлиги, осоишталиги учун маъсулликларини яна бир бор таъкидладилар.

 

Тадбир иштирокчиларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди олим ва мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати