Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Амир Темур – буюк бунёдкор ва маданият ҳомийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2016 йил 5 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Соҳибқирон, буюк саркарда Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган “Амир Темур – буюк бунёдкор ва маданият ҳомийси” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда тарихчилар, ёзувчилар, шоирлар, журналистлар, санъаткорлар, Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари академияси тингловчилари ва Тошкент темир йўл транспорти коллежи ўқувчилари иштирок этдилар.


Тадбирдан кўзланган мақсад, тарихда ўчмас из қолдирган буюк шахс, улкан бунёдкор, йирик давлат арбоби, моҳир саркарда, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темур ҳаётини ўрганиш негизида ёшларда Ўзбекистон тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш иштиёқини уйғотиш, бобокалонимизнинг ҳаётий тажрибасидан ўз фаолияти учун зарур сабоқ ва маънавий қувват олишларига рағбат беришдир. Давра суҳбати аввалида Амир Темур ҳаёти, давлат бошқаруви ва ҳарбий маҳорати ҳақида ҳикоя қилувчи “Буюк Соҳибқирон” ҳужжатли фильми намойиш этилди.


Тадбирда сўзга чиққанлар, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тамара Маҳкамова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўра Мирзо, филология фанлари номзоди Зухриддин Исомиддинов ва бошқалар Амир Темурнинг мамлакат ва жаҳон тарихида тутган ўрни, унинг ҳаёти ва давлат бошқаруви фаолияти, унинг ҳар қандай мушкул вазиятдан чиқиб кета олиш заковати, мардлиги, жасорати, ватанпарварлиги, топқирлиги, темир иродаси ёш авлод учун ибрат, ҳаёт мактаби ва Ватанга садоқат намунасига айланганини эътироф этишди. “Амир Темур истеъдодли инсонларга эҳтиром кўрсатиб, кўмагини аямади, нуфузли олиму фузалолар билан маслаҳатлашган ҳолда илм-фан, шаҳарсозлик, зироатчилик, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларни қайта тиклашга бош бўлди, жамоат бинолари, мачит, мадрассалар ва турли иншоотлар қурдирди. Биз “Етти иклим ҳукмдори” деб номланган фильмни суратга олиш жараёнида Амир Темур ҳақида жуда кўп қизиқарли, ҳалигача барчамизга номаълум бўлган маълумотларга дуч келдик ва шуларни ўз асаримизда тақдим этдик”, деди Т.Маҳкамова. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Т.Мирзо эса ўз асарини Амир Темур ҳаётини ёритишга бағишлаган ёзувчи ва шоирлар, уларнинг асарлари ҳақида ҳикоя қилди ва ўз “Амир Темур” номли поэмасидан Темур монологини ўқиб берди.


Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари академияси катта лейтенанти Ёрқин Юсупов “Темур тузуклари” асарининг ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги роли ҳақида гапирди. “Соҳибқирон Амир Темур юртни душманлардан озод этиш, мамлакат ҳудудини кенгайтириш, лашкар қудратини юксалтириш билангина чекланмади, ҳарб илмининг даҳосининг давлатни идора қилиш тартиб-қоидалари, турли мансаб эгалари вазифалари, хайри садақа қилиш тартиби, солиқ солиш ва уни тўплаш тартиби, ҳарбий юришларни ўтказиш ва қўзғолонни бостириш қоидалари баён этилган “Темур тузуклари”ни ҳам қолдирди”, деди у.


Тадбир доирасида “Улуғ салтанатнинг адолат устуни” деб номланган, Амир Темурнинг ҳаёт йўли, далат бошқаруви ва ҳарбий маҳоратига алоқдор китоблар, расмлар ва журналлар ўрин олган адабиётларнинг очиқ кўргазмаси очилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати