Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Таътилда мутолаа қиламиз” деб номланган китоблар кўргазмаси очилди

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланувчилар эътиборига машҳур асарлар ва адиблар асарлари ҳавола этилган “Таътилда мутолаа қиламиз” деб номланган китоблар кўргазмаси очилди.

Қишки таътил – мутолаа учун энг қулай давр. Барча ёшда ҳам китоб ўқиш фойдалидир, асосийси – адабиётларни тўғри танлаш. Фойдаланувчиларнинг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, кўргазма 2 қисмда: болалар ва катта ёшдаги китобхоналар учун ташкил этилди. Болалик давримизда биз асар қаҳрамонлари мисолида ҳаётий вазиятларга баҳо беришни, гўзалликни тушунишни, ёвузлик ва эзгуликнинг фарқини ажрата билишни ўргансак, улғайгач ўша асар қаҳрамонларини батамом бошқа жиҳатларини англаймиз, уларнинг хатти-ҳаракатларини ўзгача баҳолаймиз ва асардаги воқеаларни бошқача тасаввур қиламиз. Турфа ҳил адабиётлар орасидан сиз ўзингизга маъқулини, кўнглингиз тусаган муаллиф ёки асарни танлаб олишингизга умид қиламиз.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Истиқбол” залида болалар китоблари кўргазмаси очилди. Унда ёш фойдаланувчилар эътиборига “Классная классика”, “Келинг, китоб ўқиймиз”, “Севимли болажонларим учун эртаклар”, “Мои любимые стихи”, “Жаҳон болалар адабиёти дурдоналари”, “Весёлая компания”, “Ўзбек халқ эртаклари олтин хазинаси”, “Жаҳон саргузашт адабиёти”, “Все лучшие сказки мира” рукнлари остида бадиий адабиётлар, ёш билимдонлар учун “Нима? Качон? Қаерда?”, “Энциклопедия эрудита”, “Большая детская энциклопедия”, “Я познаю мир”, “Энциклопедия для детей”, “Болалар энциклопедияси” туркумидан адабиётлар, эртаклар, шеърлар, ҳикоялар ҳамда вақтни қизиқарли ўтказишга кўмаклашувчи “Весёлие конкурсы”, “1000 заданий для зарядки мозгов” каби китоблар тўпламлари ҳавола этилган.

Учинчи қават фойесида рус ва ўзбек тилларида нашр этилган китоблар катта кўргазмаси ташкил этилди. Мазкур китоблар қаторидан “Нашриётимиз хазинасидан”, “Камолот” кутубхонаси”, “Знаменитие произведения поэтов и писателей”, “Золотая классика”, “Малое собрание сочинений”, “Русская классика”, “Жаҳон адабиёти кутубхонаси”, “Мировая классика” рукни остида нашр этилган адабиётлар ўрин олган.

Шунингдек “Жаҳон” зали Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчиларига жаҳон адабиёти намоёндаларининг дунёга машҳур асарлари ўрин олган адабиётлар кўргазмасини тақдим этди. Мазкур кўргазмада инглиз, корейс, хитой, немис, француз, испан ва бошқа тиллардаги адабиётлар намойиш этилмоқда.

Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар ўзларини қизиктирган, бўш вақтларини тўлдира оладиган, янги маьлумот оладиган, қизикарли нарсалар ўрганадиган, ҳозиргача номаълум нарсалардан вокиф этадиган, уларнинг ижодий тасаввурини намоён этадиган китобларни мутолаа килиш ёки шунчаки китоб вараклаш имконига эга буладилар. Баъзи ёш китобхонлар учун эса мутолаа қишки таътил кунларининг энг севимли машғулотига айланади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати