Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Арча” бард қўшиғи ижрочилари клубининг Янги йил концерти бўлиб ўтди

2016 йил 28 декабрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Арча” бард қўшиғи ижрочилари клубининг Янги йил концерти бўлиб ўтди. “Арча” бард қўшиғи ижрочилари клуби ҳамкорлигида муаллифлик қўшиқлари ихлосмандлари, “Арча” клуби мухлислари ва Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Шоира, ёзувчи, журналист, санъатшунос Г.Богдасарова кўпроқ бард қўшиғи номи билан машҳур муаллифлик қўшиқлари Янги йил концертини очар экан, йиғилганларга “Арча” ашула ва шеърият клуби фаолияти, унинг аъзолари ҳамда клуб томонидан ташкил этилаётган тадбирлар ҳақида ҳикоя қилди. Мазкур тадбир ташаббускори, бард қўшиғи ҳалқаро фестиваллари лауреати, мутахассислиги бўйича мухандис - З.Юсупов бу каби концертларнинг республика маданий ҳаётидаги аҳамиятини таъкидлаб ўтди.

Концертда бард қўшиғи ҳалқаро танловлари лауреатлари ва диплом совриндорлари,  тажрибали ва ёш муаллифлик қўшиқлари ижрочилари иштирок этдилар. Концерт дастурини Қор бобо ва Қор қиз очиб бердилар. Улар гитара жўрлигида “Янги йил” ва “Кечани Қор бобо сеҳрлади” номли қўшиқларни ижро этдилар. Шунингдек тадбирда муаллафлик қўшиқлари ҳалқаро фестиваллар лауреатлари Н.Свириденко, О.Бордовский, О.Абишева, М.Якубджанов, Г.Кутятина, А.Палатин, Е.Жалнина, И.Кондратенко, Л.Кудрявцева, Е.Алексеева, А.Цойлар иштирок этдилар. Улар муҳаббат, романтик хотираларга бой қиш ҳақида, ҳамда инсонни табассумга чорловчи, ҳаётнинг оддий ташвишларини унутишга ундовчи қувноқ қўшиқлар ижро этдилар.

           “Чимён садоси-2016” муаллифлик қўшиғи ҳалқаро фестивали лауреати Р.Шамсутдинов жисмоний имкониятлари чекланганлигига қарамай, йиғилганларга руҳий тетиклик ва аъло кайфият улашди.


Концерт дастуридан Л.Кабачёва ва П.Осипов, Н.Микушкина ва А.Стороженко,  И.Катишев ва С.Балакина, М.Туляганова ва З.Юсуповлардан иборат истеъдодли жуфтликлар қўшиқлари алоҳида ўрин эгаллади.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати