Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Сойибжон Қизиқ сўзлаганда” деб номланганхотира кечаси бўлиб ўтди


2016 йил 1 апрель куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти, кулги устаси, театр ва кино актёри Сойиб Хўжаев ижодига бағишланган “Сойибжон Қизиқ сўзлаганда” деб номланган хотира кечаси бўлиб ўтди. Мазкур тадбир 1 апрель –ҳазил-мутойиба ва кулги кунига бағишланган бўлиб, кутубхона фойдаланувчиларига ўз ҳазил ва мутойиба санъати билан халқ қалбидан жой олган санъаткорлар билан таништиришни мақсад қилган.


Тадбирда санъатшунослар, Ўзбек Миллий академик драма театри ва Муқимий номидаги ўзбек республика мусиқали театри актёрлари, Тошкент шаҳри мактаблари ва коллежлари ўқувчилари иштирок этдилар. Тадбир аввалида Сойиб Хўжаевнинг маслакдошлари, шогирдлари ва фарзандларининг хотираларини жамлаган ҳужжатли фильм намойиш этилди, “Умр” шаҳар ногирон болалар ва ўсмирларга кўмак бериш жамоат марказига қарашли 51, 66, 100 ва 102-махсус мактаблар ўқувчилари эса ажойиб концерт дастурини ҳавола этиб, йиғилганларга байрамона кайфият улашдилар.


Тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, Ўзбекистон халқ артисти Гавҳар Зокирова мазкур куннинг тарихи, аҳамияти ва нишонланиш географияси, шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаевнинг ижодий йўли ҳақида қисқача сўзлаб берди. “Сойиб Хўжаев ўзининг ажойиб истеъдоди, бетакрор иборалари билан санъатсеварлар юрагидан  жой олган сўз устаси ҳам эди. У турли кутилмаган шароитлардан чиқиб кета олиш қобилиятига эга эди. Сойиб Хўжаев учун ролнинг катта-кичиги бўлмас эди, у ҳатто кичик эпизодик рольни ҳам мукаммал даражага чиқарар ва томошабинла ёдида узоқ сақланадиган ролга айлантирар эди. У ўйнаган фильмларидаги иборалар ҳали ҳам эл оғзидан тушмайди”.


Хотира кечасида шоир Ш.Қурбон, актёрнинг ўғли, физика-математика фанлари доктори М.Ходжаев, режиссёрлар М.Махкамов, Т.Махкамова, Ҳ.Қаҳраманов, театр танқидчиси Т.Мирзолар ўзларининг Сойиб Хўжаев ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашдилар.


М.Ходжаев отасининг фарзандлар тарбиясидаги роли ҳақида сўзлар экан, унинг ҳаётида ўчмас из қолдирган болалик хотиралари, оиладаги қизиқарли воқеалар отасининг насихатлари ҳақида сўзлаб берди. “Отамиз ҳамиша банд бўлишларига қарамай, фарзанд тарбиясига катта аҳамият берар, бизлар билан бизнинг, ўқишимиз, қизиқишларимиз, ишларимиз ҳақида суҳбатлашишга вақт топар эдилар”. Сойиб Хўжаев билан ҳамкорликда ишлаган режиссёрлар эса ўз ижодий ҳамкорлиги, унинг актёрлик маҳорати, камтарлиги ҳақида сўзладилар. “Қарийиб 50 йил олдин санъатнинг сирли ва машаққатли оламига дадил кириб келган Сойиб Хўжаев кейинчалик бор умри  ва меҳрини  мана шу  соҳага бағишлади. Бу давр мобайнида у “Майсаранинг иши”, “Тоҳир ва Зуҳра” “Нурхон”, “Равшан ва Зулҳумор”, “Паранжи сирлари”, “Тошболта ошиқ” каби 3000дан зиёд спектаклларда ва “Мафтунингман”, “Ёр-ёр”, “Оқ қушлар-оппоқ қушлар”, “Ажойиб ҳаёлпараст”, “Чинор остидаги дуэль”, “Еттинчи жин” 18та бадиий фильмда ажойб, томошабинлар қалбидан жой олган роллар ижро этди”.


Хотира кечаси дорасида иштирокчилар эътиборига Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжаев ижодининг ёрқин лаҳзаларини муҳрлаган расмлар кўргазмаси ҳавола этилди.


Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати