Ўзбекистон Миллий кутубхонасида «Ота-оналар дастурлаши: биз кимни тарбиялаяпмиз - ғолибларними ёки омадсизларни. Оилавий роллар, оилавий сценарийлар» мавзусида семинар бўлиб ўтди

2016 йил 30 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси қошидаги “Оила ва бола тараққиёти маркази” лойиҳаси “Бахтли ота-она - бахтли фарзандлар” биринчи модули доирасида семинар бўлиб ўтди.  Унда ота-оналар, педагогик ОТМ талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар. Тарбия усуллари ва оилалар моделларига бағишланган «Ота-оналар дастурлаши: биз кимни тарбиялаяпмиз - ғолибларними ёки омадсизларни. Оилавий роллар, оилавий сценарийлар» мавзусидаги семинар машғулотини тажрибали руҳшунос О.Э.Аванесова олиб борди. Семинарда иштирокчиларнинг инсон шаклланишида ким ва қандай роль ўйнайди? Деган саволга қарашлари муҳокама қилинди. Иштирокчиларни тарбия усуллари билан таништирар экан, руҳшунос уларга ота-оналарнинг лоқайд, авторитар, муросасиз ва нуфузли турлари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, иштирокчилар оилаларнинг “Авторитар”, “Васий”, “Юлдуз” ва “Ҳамкор” моделлари ҳақида билиб олдилар ва ўз турлари ва оилаларининг моделини баҳолаш имкониятига эга бўлдилар.

Семинар иштирокчилари кичик гуруҳларда тарбиянинг асосий шаклларини муҳокама қилдилар. Масалан, “Энсиз коридор” тарбия моделининг ўзига хослиги, “Педагогик шизофрения” моделидаги ота-оналар ҳаракати, “Табиий тарбия” моделининг нималарда ифодаланиши, “Меъёрий чекловлар” моделида ота-оналарнинг асосий вазифалари ва “Ривожланиш чизиғи” тарбия моделида таъқиқ ва ижозатлар ҳақида баҳс ва мунозара юритдилар. Шунингдек, улар ота-оналар томонидан таъқиқлар, йўл-йўриқлар, назорат ва кўмак кўрсатилиши, неча ёшгача кўрсатигани маъқуллиги тўғрисида суҳбатлашдилар.

Иштирокчилар мазкур мунозаралар натижасида ўзлари билан фарзандлари ўртасидаги муносабатлардаги ютуқлар, муносабатларини таҳлил қилишни ўрганганликлари, фарзандларига ўз имкониятларини тўғри баҳолашни ўргатаётганликлари, уларни ўзларини англашга, ўз хиссиётларин жиловлай олишга, асосийси бахтли бўлишга ўргатаётганликлари ҳақида тўлқинланиб гапириб бердилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот маркази