Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти Тамарахоним таваллудининг 110 йиллигига бағишланган хотира кечаси бўлиб ўтди

2016 йил 29 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ артисти, қўшиқчи ва раққоса, балетместер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан бири Тамарахоним таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Унда санъатшунос олимлар, хореографлар, раққосалар, журналистар ва Тошкент давлат Миллий рақс ва хорография олий мактаби  талабалари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори ўринбосари У.Тешабоева хотира кечасини очиқ деб эълон қилар экан, кутубхонада ўтказилаётган тадбирларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида сўзлади ва Тамарахонимнинг миллий хореография ва замонавий рақс санъатига қўшган ҳиссасини алоҳида эътироф этди. Тадбир Тамарахонимнинг ёрқин ижодига бағишланган ҳужжатли фильм намойиши билан бошланди. Тошкент давлат Миллий рақс ва хорография олий мактаби талабалари эса Тамарахоним саҳналаштирган “Дилбарим” ва “Пилла” рақсларини ижро этдилар.

Ўзбекистон халқ артисти Маъмура Эргашева устози тўғрисида қуйидагиларни айтди: “Тамарахоним доира садоларига раксга тушишни жуда яхши кўрар эдилар. Бунда нафақат тана ҳаракатини, балки кўзлар ифодасини ҳам томошабинларга етказиб бериш мумкин, дер эдилар.  Ҳар бир гастроль сафаридан у янги ашула ва рақс билан қайтар эди. У нафақат ўша миллат рақс кўринишини, балки оёқ ташлаш, кўз қарашмаларини ҳам ўзида ўзлаштирар эди”, деди М.Эргашева.


Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммаджон Шокиров иштирокчиларга Тамарахонимнинг лапар фольклор йўналишидаги ижоди, ёши, миллати ва ижтимойи табақасидан қатъий назар томошабинларнинг олдида рақсга тушишни яхши кўргани ҳақида гапириб берди. Шунингдек, М.Шокиров шогирди Г.Каримова билан Тамарахонимнинг “Оромижон” ашуласини куйлаб бердилар.

 Тошкент давлат Миллий рақс ва хорография олий мактаби санъатшунослик кафедраси доценти Людмила Ражабова ўзбек хонандаси, раққосаси ва балетмейстери Тамарахонимнинг ҳаёт йўли, болалик йиллари, рақсга кириб келиши, концерт гуруҳлари, ўзи тузган профессионал рақс дасталари ва ўзбек хореографик таълим назариясига қўшган хиссаси тўғрисида ҳикоя қилди. Танифли радиожурналист Роза Мухторова эса ашулачи, раққоса, балетмейстер, этнограф Тамарахонимнинг концертлари, ўзга тилдаги қўшиқлар сўзларнинг талаффузи ва ибораларини ҳис этиш қобилияти ва уларни қўллай олиш маҳорати билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашди.

Хотира кечаси доирасида Ўзбекистон халқ артисти, қўшиқчи ва раққоса, балетмейстер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан бири Тамарахонимнинг 110 йиллигига бағишланган "Саҳнада ҳам, ҳаётда ҳам қаҳрамон” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада машҳур балерина ва раққосанинг ҳаёти, унинг ўз ичида икки жанр- қўшиқчилик ва раққосалик жанрларини мужассамлаштирган саҳна санъати ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, журналлар ва унинг ижодининг лаҳзалари муҳрланган фотосуратлар ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати