Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро театр кунига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди

2016 йил 27 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг “Ижод” ўқиш залида Халқаро театр кунига бағишланган “Саҳна санъати – қалблар муштараклиги” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. 1961 йил 27 март куни ЮНЕСКО ҳузуридаги Халқаро театр институти IX конгрессида таъсис этилган мазкур байрамнг мақсади - халқлар ҳамжиҳатлиги ва дўстлигини мустахкамлаш воситаси сифатида театрнинг ролини кўрсатишдан иборат.

“Саҳна санъати – қалблар муштараклиги” деб номланган китоб-расмли кўргазмада миллий ва жаҳон театр санъати, унинг фидоий намоёндалари ва бу соҳанинг ўзига хосликлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, расмлар, газета ва журналлар ўрин олган.

“Ўзбек театри анъаналари”, “Театр ва томошабин”,  “Миллий театримиз намоёндалари”, “Замон, театр, экран”, “Театр-тарбия маскани”, “Хоразм халқ театри”, “Истиқлол ва Миллий театр”, “Мастера узбекской оперной сцены”, “Большой театр Узбекистана”, “Саҳна ва замон”, “Баҳодир Йўлдошев театри” китбларида ўзбек театр санъатининг анъаналари, ўзига хослиги, ютуқлари, ёшлар тарбиясида театр санъатининг ўрни ва аҳамияти, ҳаётини театр билан боғлаган касб эгалари ҳақида ҳиқоя қилади. Коллеж, лицей ўқувчилари ва ОТМ талабалари учун мўлжалланган “Театр тарихи”, “Жаҳон театри тарихи”, “Ўзбекистон театри тарихи”, “Театр эстетикаси” ўқув қўлланмалари эса жаҳон театр тарихи, XXVIII асрдан буён ривожланиб келаётган миллий театр билан таништиради. Кўргазмада китоблардан ташқари Ўзбекистонда чоп этиладиган “Театр” журналининг баъзи сонлари намойиш этилмоқда.

Мазкур китоб-расмли кўргазмага ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари театр сахнаси парда ортига назар ташлаб, сахна безаклари техникаси, театр бутафория ва реквизитлари санъати, шунингдек театр эстетикаси меъёрлари ҳақида кўп қизиқарли маълумотга эга бўладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати