Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро болалар китоблари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

2016 йил 25 марткуни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси кўргазмалар залида Халқаро болалар китоблари кунига бағишланган тадбирбўлиб ўтди.  Унда “Джойнт” яхудийлар жамоаси, “Агидель” татар-бошқирд миллий маданий маркази, Ўзбекистон-Россия Дўстлик жамияти вакиллари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

1967 йилдан буён ҳар йили Халқаро болалар китоблари кенгаши ташаббуси билан Даниялик машҳур эртакчи Ганс Христиан Андерсен таваллуд топган кун, 2 апрель куни Халқаро болалар китоблари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Байрам мақсади – болаларни кичик ёшдан мутолаага ўргатиш ва бу билан инсоннинг маънавий ва интеллектуал шаклланишида китобнинг ролини болалар китоблари ролини тарғиб этиш.

Болалар адабиёти, яъни ёзма шаклда баён этилган эртак ва масаллар XVII аср охирида пайдо бўлган.  XVIII аср болаларга Д. Дефонинг “Робинзона Крузо” ва Дж. Свифтнинг “Гулливер саёхати” асарларини ҳадя этди. XIX асрда эса болалар адабиёти Г.Х. Андерсен ва ака-ука Гриммлар эртаклари билан бойиди. Н.Носов, А.Барто, К.Чуковский, Б.Заходер, Э.Успенский, Ғ.Ғулом, З.Диёр, Қ.Муҳаммадий, П.Мўмин, Х.Тўхтабоев, А.Обиджон, Т.Адашбоевлар каби XX асрнинг таниқли болалар ёзувчилари ва шоирлари асарлари ҳозир ҳам севиб ўқилмоқда.

Тадбир доирасида болалар китоблари ва расмлари кўргазмаси, болалар учун расм чизиш бўйича маҳорат дарслари, “Болалар китоби муқовасига” деб номланган болалар расмлари танлови, болалар ёзувчиси М. Джалил ва М. Бобоевлар китоблари кўргазмаси ва маҳорат дарсида чизилган расмлар танлови бўлиб ўтди.

Шунингдек,   Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Истиқбол” залидаХалқаро болалар китоби кунига бағишланган  китоблар кўргазмаси очилди. Кўргазмада кутубхона фондида сақланувчи ва кичик китобхонлар томонидан севиб ўқилувчи китоблар ўрин олган. Кўргазмага ташриф буюрувчилар ҳукмига ўзбек, рус ва инлиз тилларидаги “Обо всём на свете”, “Астрономия ва коинот”, “Дунё мамлакатлари”, “Кашфиёт ва ихтиролар”, “Ваш аквариум” энциклопедик китоблари, “Золотая книга сказок”, “Эртаклар”, “100 стихов и сказок” каби турли халқ эртаклари тўпламлари ва болалар севимли ёзувчи ва шоирларининг ҳикоя ва шеърлари ҳавола этилган.

 

O‘zbekiston Milliy kutubxonasi matbuot xizmati