“Илмий маълумотлардан фойдаланиш ва нашр эттириш фаоллиги” I Миллий илмий-таълимий форуми

2016 йил 23 март куни “ИЛМИЙ МАЪЛУМОТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА НАШР ЭТТИРИШ ФАОЛЛИГИ” мавзусида IМиллий илмий-таълимий форумининг биринчи куни бўлиб ўтди.  Мазкур форум Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги фан ва технологияларни мувофиқлаштириш Кўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Аттестация Комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги билан ҳамкорликдаташкил этилди.

Тадбирда вазирлик ва идоралар, ОТМ, ФА илмий марказлари раҳбарлари, ахборот-кутубхона муассасалари (АКМ) директорлари ва етакчи мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, докторантлар ва тадқиқотчилар иштирок этдилар.Улар учун дунёнинг етакчи компаниялари (Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest, Wiley, Emerald, Oxford University Press, Cambridge University Press, eIFL ва бшқ.) вакиллари ўз тақдимотлари ва маҳорат дарсларини тақдим этдилар.

Тадбирдан кўзланган мақсад - форум иштирокчиларини жаҳон илмий-таълимийманбалари маълумотлари билан ва юқори рейтингли журналларда мақолалар нашр эттириш имкониятлари билан таништириш орқали Ўзбекистон Республикасида илмий тадқиқотларнинг сифатини яхшилаш ва нашр эттириш фаоллигини ошириш.  

Форумда 2016 йилда илмий-таълимий  ва ахборот-кутубхона муассасаларининг Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest ресурсларидан  фойдаланиш имкониятлари, дунёнинг етакчи нашриётларининг электрон илмий-таълимий ресурсларининг долзарб манбалари ва улардан Ўзбекистон илмий-таълимийва ахборот-кутубхона муассасаларида фойдаланиш, илмий нашрлар ва докторлик диссертацияларининг самарадорлигини ва сифатини  ошириш муаммолари масалалари муҳокама этилди, шунингдек, илмшунослик воситалари масалаларига алоҳида тўхталди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори А.Ходжаев Миллий илмий-таълимий форум иштирокчиларини қутлади ва мазкур анжуманнинг долзарблиги, аҳамияти билан таништирди ва илмий-тадқиқот ишларини ёзишда илмий-таълимий базалар ва уларда мавжуд ресурсларга кириш имкониятини берувчи кўмакчилар, зарур ахборот ресурсини тезкорлик билан топиш, уларни юклаб олиш ва тўла матнда ўқиш имкониятини берувчи етакчи илмий журналлар ва илмий тўпламлар аҳамиятини таъкидлади.

Форумнинг ялпи мажлисида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни қўллаб-қувватловчи давлат дастурлари, олий таълим тараққиётида илмий маълумотларни олиш имкониятининг аҳамияти, электрон ресурсларни олиш бўйича Ўзбекистон Миллий кутубхонаси лойиҳалари тўғрисида, EBSCO академик тадқиқотлар маълумотлар базаси, жаҳон илмий маълумотларини Ўзбекистон фойдаланувчилари учун қулайлигини таъминлаш технологиялари, дунёдаги энг катта “ProQuest Dissertations & Theses Global” электрон илмий тадқиқотлар, докторлик ва магистрлик диссертациялари базаси, шунингдек иқтисодиётнинг ўсишида илмий-техник ривожланиши тенденциялари ҳақида маърузалар тингланди.

Thomson Reuters, EBSCO information services, ProQuest электрон илмий-таълимий базаларидан фойдаланиш ҳақида маълумот берувчи маҳорат дарсларида Thomson Reuters компанияси вакиллари “Қандай қилиб илмий мақолаларни юқори рейтингли журналларда чоп этиш мумкин?”,  “Web of Science маълумотлар базаси билан қандай ишлаш керак?”, “Мақолаларни қаерда чоп эттириш мумкин?” каби саволларга жавоб бердилар. Шунингдек, форум иштирокчилари EBSCO электрон журнали ва ProQuest Dissertations & Theses маълумотлар базаси имкониятлари билан амалда танишдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати