Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижодига бағишланган мушоира кечаси

Президентимиз томонидан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурилган 5 та ташаббусдан бири – ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш мақсадида, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Очиқ эшиклар” ҳафталиги доирасида мушоира куни бўлиб ўтмоқда. Зеро, кутубхона имкониятлари билан танишиш учун энг манзур усул - у ерда ўтказилаётган “Очиқ эшиклар” ҳафталигига ташриф буюришдир.

11 сентябрь куни Ҳафталик доирасида Миллий кутубхонага ташриф буюрган мактаб ўқувчилари билан Ўзбекистон халқ шоири М.Юсуф ижодига бағишланган шеърхонлик кечаси ўтказилди. Мазкур тадбирнинг мақсади ёшларимизни ХХ аср охири – ХХI аср бошидаги иқтидорли ўзбек шоири, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди ва ҳаётий йўли билан таништириш ва келажак авлодга етказишдан иборат. Тадбирни Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ш.Қурбон олиб борди.

Тадбир доирасида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада шоирнинг замондошлари ва ҳамкасбларининг хотиралари, газеталар ва журналлардан мақолалар, шунингдек шеърий тўпламлари ўрин олган.

Шаҳримизнинг турли олий ўқув юртлари, лицей, коллеж ва мактаблардан ташриф буюрган китобхонлар учун кутубхона тарихи ва бугунги кундаги фаолияти ҳақида мутахассислар томонидан маълумотлар бериб борилмоқда. Рўйхатга олиш тартиблари билан бошланган ва Миллий кутубхона китоб музейи, кўргазмалар зали, кафедралар, ўқув заллар, китобхонлар каталоглари ва картотека заллари, электрон каталаоглар зали  бўйлаб давом этган мазмунли ва батафсил экскурсия “Очиқ эшиклар” ҳафталигига илк бор ташриф буюрган  кутубхона фойдаланувчиларида катта таассуротлар қолдирди.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган “Очиқ эшиклар” ҳафталиги ўз ишини давом эттирмоқда.