Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Очиқ эшиклар” ҳафталиги ўз ишини бошлади

Анъанавий тарзада  ҳар йили Ўзбекистон Миллий кутубхонасида янги ўқув йили бошланиш муносабати билан “Очиқ эшиклар” ҳафталиги ўтказилади. Жорий йилнинг 9-13 сентябрь кунлари ўтказилаётган “Очиқ эшиклар” ҳафталиги бошқа йилларга нисбатан ўзининг ёрқин тадбирлари, фойдали маълумотлари, қизиқарли учрашувлари ҳамда турли кўргазмалар билан ажралиб туради. Шунингдек, бу йил нафақат Ўзбекистон Миллий кутубхонасида балки Республикадаги барча йирик ахборо-кутубхона марказларида ҳам кутубхона фаолияти, имкониятлари, мутолаага жалб қилишга қаратилган тадбирлар ташкил этилган.

Тадбирдан кўзланган мақсад - фойдаланувчиларни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида хизмат кўрсатишдаги кенг имкониятлар билан таништириш, кутубхонага ташриф буюраётган янги фойдаланувчиларни мутолаага жалб қилиш. Ўзбекистон Миллий кутубхонаси таълим сифатининг ошишига ижобий таъсир кўрсатаётган, дарсларга мустақил тайёргарлик кўриш жараёнига, ижодий фикрлашга кўмак бераётган, маънавий-маърифий тадбирларни ташкил этаётган маънавият ўчоқларидан бири ҳисобланади. Кутубхона имкониятлари билан яқиндан танишишнинг энг қулай йўли - “Очиқ эшиклар куни”га ташриф буюришдир.

Ҳафталик давомида китобхонлар учун кутубхона бўйлаб танишув экскурсиялари, қизиқарли учрашувлар ва тадбирлар, «Қизиқарли кутубхонада» рукни остида Миллий кутубхонада кутубхоналар куни, танлов ва викториналар, кутубхонада мушоира куни, «Мутолаа қилиб сизга ҳам тавсия қиламан» акцияси, «Таниқли инсонлар тавсия этади» фотолойиҳаси ва «Севимли китобимдан парчалар» мавзусида овозли ўқишлар каби тадбирлар тақдим этилади.

Ҳафталик доирасида фойдаланувчиларга кутубхона тарихи, фаолияти ва ресурслари билан таништирувчи экскурсиялар, тақдимотлар, акциялар, ўтказилмоқда. Улар илмий-таълимий хорижий электрон базалар билан ишлаш бўйича Миллий кутубхонанинг ахборот ресурсларидан,  яъни босма ва электрон нашрлардан ҳамда электрон ва анъанавий каталоглардан, картотекалардан фойдаланиш,  керакли ресурсларни излаш, уларга буюртмани расмийлаштириш, инфо-киоск, интернет ва WI-FI хизматларидан фойдаланиш қоидалари билан ҳам танишмоқдалар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида ташкил этилган “Очиқ эшиклар” ҳафталиги жорий йилнинг 13 сентябрига қадар ўз ишини давом эттиради.