Ҳалқаро ҳамкорлик – икки Миллий кутубхона ўртасида меморандум имзоланди

2019 йил 3-4 сентябрь кунлари Теҳрон шаҳрида (Эрон) “Ҳужжатли меросни аниқлаш ва ўрганиш” мавзусидаги ЮНЕСКО минтақавий учрашуви ўтказилди. Тадбирнинг асосий мақсади – ҳужжатли меросни сақлашга доир ЮНЕСКО тавсияномаларини муҳокама қилиш ва “Жаҳон хотираси” Дастури бўйича мутахассислар хабардорлигини ошириш. Мазкур учрашувда  Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаева иштирок этди. 2017 йилда “Ҳужжатли меросни аниқлаш ва ўрганиш” мавзусидаги ЮНЕСКО минтақавий учрашувида дастур бўйича барча иштирок этган давлатларда миллий қўмита ташкил этилган ва унда илк бор У.Тешабаева иштирок этган. Бу йилдаги учрашувда эса айнан 2017-2019 йилларда Дастур бўйича миллий қўмитанинг амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланди.  Эрон Ислом Республикаси Миллий кутубхона ва архиви ўз иш фаолияти, унинг бой тарихи, фойдаланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, реставрация ва консервация ишларида қўлланиладиган илғор технологиялари билан шарқ давлатлари ўртасида ажралиб турувчи кутубхоналар қаторига киради. 

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори У.Тешабаеванинг “Ҳужжатли меросни аниқлаш ва ўрганиш” мавзусидаги ЮНЕСКО минтақавий учрашувининг ташрифи доирасида 4 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Эрон Ислом Республикаси Миллий кутубхонаси ва архиви ўртасида Меморандум имзоланди. Ушбу Битим лойиҳаси ўзаро икки кутубхона ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорлик, нодир нашрларни ўрганиш, реставрация ва консервация соҳасида тажриба алмашиш ва дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Меморандум имзолангандан сўнг қуйидаги ишлар амалга оширилиш режалаштирилмоқда:

  • Томонлар фондларидаги қўлёзмалар, қадимий китоблар ва нодир нашрлар билан танишиш, ўрганиш, каталоглар тузиш ҳамда уларни сақлаш бўйича маълумотни алмашиш;
  • Томонларнинг халқаро кутубхона абонементини, қўлёзма ва ҳужжатларни электрон етказиб бериш;
  • чоп этилаётган китоб ва даврий нашрлар бўйича мунтазам ахборот бериб бориш асосида мавзу ва шакли чегараланмаган ҳолда жорий нашрлар ва бошқа ҳужжатларнинг барча турлари бўйича халқаро китоб айирбошлаш;
  • Томонларнинг асосий фаолияти билан боғлиқ соҳаларда касбий тажриба ва илмий ютуқларни (фондларни қайта тиклаш; сақлаш ва консервация қилиш; автоматлаштириш ва бошқалар), шунингдек мазкур йўналишлар бўйича Томонлар мутахассислари тарафидан ишлаб чиқилган методик ва библиографик қўлланмаларни айирбошлаш;
  • Ўзбекистон Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси ўлкашунослиги бўйича библиографик маьлумотлар базаларини олиб бориш ва алмашиш;
  • томонлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар учун стажировкалар ташкил этиш;
  • кутубхона тўпламларидан виртуал кўргазмалар ташкил этиш;
  • тажриба алмашиш мақсадида биргаликда анжуманлар, ўқув тадбирлари ўтказиш, шунингдек Томонларнинг ахборот-кутубхона фаолиятига илғор ютуқлар ва янги технологиялар жорий этиш бўйича иш олиб бориш;
  • биргаликдаги илмий тадқиқотлар, нашриёт ва бошқа ташаббусларни амалга ошириш.

Томонларнинг ўзаро келишувига кўра ҳамкорлик бошқа йўналишларда ҳам амалга оширилади.