Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Шарқ шеъриятининг ошуфтаси” деб номланган виртуал кўргазма очилди

2019 йил 28 август куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Кашфиёт” ўқиш залида немис мутафаккири, шоир ва драматург Иоганн Вольфганг Гёте (1749-1832) таваллудининг 270 йиллиги муносабати билан “Шарқ шеъриятининг ошуфтаси” деб номланган виртуал кўргазма очилди.

Янги давр немис адабиётининг асосчиси, ёзувчи ва мутафаккир Йоханн Вольфганг Гёте 1749 йил 28 август куни Майндаги Франкфуртда таваллуд топган. Ижоди XVIII асрнинг 1970—80 йилларида Германияда мавжуд бўлган «Бўрон ва ҳужум» адабий ҳаракатида иштирок этишдан бошланган. Бу даврда Гёте «Гец фон Берлихинген» (1773), «Прометей» (1773) каби драмалар ва бир қатор лирик шеърлар яратди. Гёте адабий фаолиятининг илк даврига мансуб «Ёш Вертернинг изтироблари» (1774) романи ўша давр немис адабиётида катта воқеа бўлди. Асарда илғор немис ёшлар авлодининг ижтимоий фожиаси ўз аксини топган. 1786—88 йилларда Гёте Италияга сафар қилади. Шу даврда у «Ифигения Тавридада» (1779— 81), «Эгмонт» (1788), «Торквато Тассо» (1780—89) каби драмалар ёзади. «Шеърият ва ҳақиқат» автобиографик китоби (1811—33), «Вильхельм Майстернинг ўқиш йиллари» (1793—96), «Вильхельм Майстернинг дарбадарлик йиллари» (1821—29) романларида инсон билан жамият ўртасидаги муносабат масаласи акс этган.

Гёте Шарқ мамлакатлари тарихи, маданияти, адабиётини чуқур ўрганади, Фирдавсий, Фаридиддин Аттор, Румий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий каби шоирлар ижоди билан танишади. Гёте машриқзаминга булган ҳурматини ўз ижоди, ҳаёти ва тафаккур тарзида ҳам намоён эта олган. Гёте Саъдий каби жаҳонгашта, Жомий каби пири муршид, Навоийдек давлат арбоби ва Ҳофизу Хайём каби девонаваш қалб эгаси бўлган.

Гёте «Ғарбу Шарқ девони»ни (1814—19) шарқ шеъриятидан илҳомланиб ёзган. Девон «Муғаннийнома», «Ҳофизнома», «Ишқнома», «Тафриқнома», «Ранжнома», «Ҳикматнома», «Зулайхонома», «Темурнома», «Соқийнома», «Маталнома», «Форсийнома», «Хулднома» каби 12 бўлимдан иборат. Девонда «булбул»,   «ҳур», «фатво», «муғанний», «муфти», «тилсим», «мирзо», «дарвеш» каби сўзларни аслиятда қўллайди. Гётенинг «Фауст» фожиаси (1768—1832) жаҳон адабиётидаги шоҳ асарлардан ҳисобланади. Бу асар Гётенинг бутун ижодий фаолияти давомидаги изланишларининг самараси бўлди. Гёте фалсафа, ҳуқуқшунослик, ботаника, геология, геодезия соҳаларига оид асарлар ҳам яратган.

Гёте шеърларини ўзбек тилига таржима қилиш 20-асрнинг йигирманчи йилларидан бошланган (Чўлпон, Ойбек, Шайхзода ва б.). Кейинчалик Гётенинг «Фауст» (Эркин Воҳидов таржимаси, 1972—75), «Мағрибу машриқ девони» (С.Салим Бухорий таржимаси, 1985—90), «Ёш Вертернинг изтироблари» (Я.Эгамова таржимаси, 1975) каби асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Гёте ижоди ҳақида В.Зоҳидов, И.Ғафуров, О.Оллоберганов, Я.Эгамова, Пошали Усмон ва бошқа ўзбек адабиётшунос ва танқидчилари адабий-танқидий мақолалар ёзишган.

Немис мутафаккири, шоир ва драматург Иоганн Вольфганг Гёте  таваллудининг 270 йиллиги муносабати билан очилган “Шарқ шеъриятининг ошуфтаси” деб номланган виртуал кўргазмасининг тўлиқ шакли билан Ўзбекистон Миллий кутубхонаси веб-сайтида

http://natlib.uz/ru/NewArrivals/ReadMore/16 ҳаволаси остида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати