МУСАВВИР ИЖОДИДА ЯШИРИНГАН УЙҒУНЛИК

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, рассом Хуршид Зиёхонов расмлари кўргазмаси очилди.

 

Мусаввир Хуршид Зиёхонов 1958 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1987 йилда Тошкент театр ва рассомлик институтини битирган. У Ўзбекистон рассомлар уюшмаси аъзоси. Кўплаб хорижий ва республика кўргазмалар қатнашчиси. Шарқ примитивига яқин бўлган, декоратив услубда, айрим холларда бўрттириб ишланган аллегорик мазмундаги рангтасвир асарлар муаллифи. Рассом асарларининг мазмунини халқ санъатига хос бўлган, тимсолий рамзийлик билан йўғрилган, халқ оғзаки ижодидан олинган маталлар ташкил этади. Хуршид Зиёхоновнинг халқ достонлари ва ривоятларига бўлган қизиқиши романтик-рамзий  йўналишдаги композицияларнинг яралишига сабаб бўлди. Рассом асрлари Ўзбекистон музейларида, хориждаги  шахсий тўпламларда сақланади. 

 

Хуршид Зиёхонов ўз асарларида иррационал уйғунлашган кўринишлар ва шакллар яратиб, томошабинларга ўз шахсий тушунчаларидан келиб чиқиб расмни англаш ҳуқуқини қолдиради. Зиёхонов расмларида мерос ва халқ маданияти, фольклор мотивлари ва персонажлари, анъанавий кийим-кечак, маросимлар ва урф-одатлар муҳим ўрин эгаллайди. Унинг асарларида анъанавий миллий идишлар, кашта, уй жиҳозлари, рўзғор буюмлари, арава, чигир, чарчпалак каби хўжалик асбоблари учраб туради. Зиёхонов тимсолларининг интонациясида Навоийнинг нафис қўшиқлари ва Абдулла Қодирийнинг насрий асарлари билан боғлиқликни кўриш мумкин.

 

Кўзгазмага ташриф буюрган кутубхона фойдаланувчилари мусаввир Хуршид Зиёхоновнинг бой миллий маданият, ўзбек халқининг кўп асрлик анъаналари ва турмуш тарзидан илҳом олаётган ижоди билан танишадилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати