ТЕХНОЛОГИЯЛАР КИТОБХОНЛАР ХИЗМАТИДА

Бугунги кунда кутубхона соҳасидаги устувор вазифа китобхонларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини оширишдан иборат. Замонавий кутубхона - бу анъанавий манбалар ва янги ахборот-кутубхона технологиялари-ю тизимларини бирлаштирган ҳолда тезкор ва самарали маълумот олишни таъминлайдиган замонавийлашган инфратузилма.

Китобхонларга хизмат кўрсатишни автоматлаштириш борасида кутубхоначилар учун энг қулай ёрдамчиси – бу RFID технологиясига асосланган 3М назорат қилиш қурилмаси. RFID радиочастоталарни аниқлаш технологиясидир. Ушбу технологияга асосланган кутубхона тизими китобхонларга очиқ фондлардан танлаб олинган китобларни мустақил равишда рўйхатдан ўтказишга имкон беради.

 

Китобхоннинг ўзи RFID-ёрлиқлари ўрнатилган китобларни махсус сенсор аниқлагич билан жиҳозланган 3М қурилмасига қўйиб, уларни автоматик равишда умумий электрон тизимда рўйхатдан ўтказади.

Миллий умумтаълим кутубхона лойиҳаси доирасида жорий этилган дастурий таъминоти асосида ахборот-кутубхона ресурслари киритилган RFID асосида фойдаланувчиларга янада қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг барча ўқиш залларида 3М аппаратлари ишга туширилди.

Ушбу тизим, шунингдек, бир вақтнинг ўзида бир нечта китобни рўйхатдан ўтказиши, саноқли кунлар ичида инвентаризация қилиши ва китобни кутубхонадан олиб чиқиб кетилмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун кутубхоначига жуда қулайдир.

 

Маълумот учун:

RFID ёрлиқларидан фойдаланишни дунёда биринчи бўлиб Америкадаги Нью-Йорк Рокфеллер университети кутубхонаси ҳамда Фармингтон жамоатчилик кутубхонаси жорий этишган. (1999 йил). Дунёдаги энг катта RFID тизимидан фойдаланиш Ватикан кутубхонасида қайд этилган, унинг фондида икки миллиондан зиёд китоб мавжуд. Ўзбекистон Миллий кутубхонасида RFID тизими 2012 йилда жорий этилган, 3М назорат қилиш қурилмаси эса жорий йилдан ишга туширилди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати