ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИДА “ЎЗБЕКИСТОН-ЖОНАЖОН ЮРТИМ!” ДЕБ НОМЛАНГАН КЎРГАЗМА

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фойесида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллиги муносабати билан “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” шиори остида туркум тадбирлар доирасида “Ўзбекистон-жонажон юртим!” деб номланган кўргазма очилди.

Кўргазмада тақдим этилган китоблар ва расмлар кутубхона фойдаланувчиларини бунёдкор халқимизнинг миллий ўзига хослиги, ғурури ва қадриятлари билан яқиндан таништиради. Улар мустақиллик йилларида қўлга киритилган ва фан, таълим, иқтисодиёт, ишлаб чиқариш, халқаро муносабатлар, маданият ва спорт соҳаларидаги иқтисодий ривожланган, тинч ва осоишта демократик жамият қуриш имкониятини берган ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳикоя қилади.

Кўргазмада китоблар билан бир қаторда Ўзбекистоннинг Мустақиллиги эълон қилинишига замин бўлган тарихий воқаелар, унинг эълон қилиниши, герб, байроқ ва мадҳия каби миллий рамзларимизнинг, давлат мукофотларининг таъсис этилиши ҳақидаги Қонунлар чоп этилган даврий нашрлар ўрин олган. Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, фахр ва ифтихор бағишлайди. Давлат мукофотлари юртимиздаги ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишга катта ҳисса қўшган, эл­-юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлашда фидойилик кўрсатган, жамиятимизнинг ижтимоий-­иқтисодий, илмий­-техник ва маънавий­-маърифий ҳаётида алоҳида эътиборга сазовор бўлган юртдошларимизни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.

Мустақиллик йилларида мамлакатда жадал ва мустахкам ривожланиш суръати яққол кўзга ташланмоқда. Бундай ижобий ўзгаришлар ахборот-кутубхона соҳасида ҳам амалга оширилмоқда. Кўргазмада тақдим этилган маълумотлар янги давр кутубхоналари, республикамиз Президенти томонидан илгари сурилган беш устувор йўналишлар ва беш ташаббусда ёшлар орасида мутолаа маданиятини тарғиб этишга қаратилган эътибор билан таништиради. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ичида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш масаласига давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилмоқда.

Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар, Ўзбекистон Миллий кутубхонаси фондларида сақланувчи кўплаб тарихий, публицистик ва бадиий адабиётлар, даврий нашрлар, фото суратлар билан танишадилар ҳамда мамлакатимизда ҳукм сураётган барқарорлик, эркин ривожланиш ва халқ фаровонлигининг таъминланиши ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати