Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасдиқланган кунга бағишланган китоб-расмли кўргазма

2019 йил 2 июль куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Адолат” ўқиш залида Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасдиқланган кунга бағишланган “Ватан тимсоллари муқаддасдир” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Гербимиздаги ҳар бир чизиқ, ҳар бир ранг, ҳар бир белгида муайян рамзий маъно бор. Гербнинг марказидаги шарқ афсонавий қуши - Ҳумо қадимдан бахт ва давлат қуши, эрк, саодат, ҳиммат, олижаноблик, омад тимсоли ҳисобланган. Ҳазрат Алишер Навоий “Лисонут-тайр” достонида Ҳумо қушини бахт ва иқбол, эзгулик ва улуғворлик келтирувчи қуш сифатида тасвирлаган. Гербимизнинг юқори қисмида мамлакат жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган. Мусамман ичида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Бу тимсоллар миллий анъана ва қадриятларимизнинг боқийлиги, маънавиятимиз юксаклиги, ирода ва эътиқодимиз мустаҳкамлиги рамзи ҳисобланади.  Қуёш нурлари давлатимиз йўлини ёритувчи нурларни англатади, шунингдек, республикамизнинг ўзига хос табиати ва иқлим шароитларига ишорадир, зеро Ўзбекистон дунёда «серқуёш ўлка» сифатида машҳур. Тоғлар водийсидан оқиб тушаётган иккита дарё Марказий Осиёнинг энг узун ва энг йирик икки дарёси - Ўзбекистон ҳудуди орқали оқиб ўтадиган Амударё ва Сирдарёни ифодалайди.  Тоғлар ва водийлар тасвирлари баланд тоғларни (Тян-Шан, Помир-Олой, Зарафшон ва Туркистон тоғ тизмалари ва бошқалар) ва шунга мос равишда Фарғона водийси, Зарафшон водийси, Хоразм воҳаси, Бухоро ва бошқалар каби Ўзбекистоннинг серҳосил водийлари ва воҳаларини тасвирлайди. Буғдой бошоқлари нон, фаровонлик ва тўқчилик рамзи саналса, очилган пахта чаноқлари мамлакат қишлоқ хўжалиги бойлигини акс этади. Давлатимиз гербининг пастки қисмида, байроғимиз тасмасида зарҳал ҳарфлар билан барчамиз учун азиз ва муқаддас бўлган “Ўзбекистон” сўзи битилган.

Кўргазмада “Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тўғрисида”ги Қонунинг таъсис этилишига доир қонун ҳужжатлари, “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси”,  Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири акс эттирилган, унинг яратилиш тарихи ва таърифи баён этилган нашрлар ва илмий мақолалар, герб тасвирини ўрганишга оид манбалар, давлатимиз герби тўғрисида ёзилган публицистик мақолалар, шеърлар, очерклар ўрин олган. Булар “Давлатимиз рамзлари”, “Мен Ўзбекистон фуқаросиман”, “Мустақил юртимизнинг давлат рамзлари” каби китоблар, давлат ҳужжатлари ва газета, журналлардан фото-суратлар намойиш этилган.

Кўргазма билан танишган кутубхона фойдаланувчилари Ўзбекистон Республикаси давлатчилик тарихи, Давлат рамзларининг шаклланиши жиҳатлари ва ҳар бир мамлакат учун гербнинг аҳамияти ва моҳияти ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўладилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати