Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган китоб-расмли кўргазма

2019 йил 27 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Тафаккур” ўқиш залида Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Матбуот ва оммавий ахборот воситаларининг давлат истиқлол ғояларини тарғиб этиш, янги демократик жамият қуришда, аҳолини Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш борасидаги хизматларини эътироф қилган ҳолда, шунингдек журналистлар жамоалари, адиблар, олимлар ва кенг жамоатчиликнинг кўплаб таклифлари инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1993 йил 24 июндаги “Ўзбекистон Республикаси матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги Фармонига кўра Ўзбекистонда ҳар йили 27 июнь матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни сифатида нишонланади. Айнан 1906 йил 27 июнь куни миллий матбуотда ёрқин из қолдирган ўзбек тилидаги илк “Тараққий” газетаси чоп этила бошланди.

Ҳозирги кунда оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солувчи ўндан ортиқ қонунлар қабул қилинди, сўз эркинлигини амалга ошириш, шунингдек, ахборот соҳасини жадал ривожлантириш учун мустаҳкам қонунчилик базаси шакллантирилди. Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари жамиятда фикрлар хилма-хиллигини тъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикрини очиқ айтиш ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситалари бутун дунёда бўлгани каби тарқатаётган ахборотининг холислиги ва ишончлилиги учун жавобгардир. Ўзбекистонда ахборот соҳасида кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантиришга катта аҳамият берилмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Қорақалпоғистон давлат университети мамлакатимиз ОАВлари учун малакали мутахассисларни етиштириб бермоқда.

Ўзбекистон матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган китоб-расмли кўргазмада тўртинчи хокимият вакиллари - журналистлар ва матбуотчилар кундалик ҳаётини ёритувчи китоблар, рисолалар, журналлар ва фотосуратлар тақдим этилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати