Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган китоб-расмли кўргазма очилди

2019 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Ўзбекистон” ўқиш залида Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши  кураш кунига бағишланган “Гиёҳвандлик – келажак кушандаси” мавзусида китоб-расмли кўргазма очилди. Мазкур кўргазманинг мақсади кутубхона фойдаланувчилари орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.

Бутунжаҳон гиёҳвандлик моддаларининг суиистеъмол қилиниши ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1987 йилда таъсис этилган. Бу сана жаҳон хамжамиятининг гиёҳвандликдан ҳоли жамият қуриш каби ягона истак атрофида бирлашиш тимсоли саналади.

Китоб-расмли кўргазмада тақдим этилган китоблар соғлом турмуш тарзи ва гиёҳвандлик тобелигининг асоратлари ҳақида сўзловчи бой материалларга эга. Масалан, “Гиёҳвандлик – умр заволи” ва “Гиёҳвандлик – ижтимоий офат” китоблари гиёҳвандларга нималарни йўқотаётгани ҳақида маълумот берса, бу иллатдан йироқ бўлганда уларни ёрқин келажак ва истиқбол кутажаги ҳақида ҳикоя қилади.

Кўргазма мазкур мавзуга бағишланган фотосуратлар ва даврий нашрлардан олинган мақолалар турфа хиллиги билан фойдаланувчилар эътиборини жалб қилди. “Гиёҳвандлик – маккор касаллик”, “Наркомания”, “Наркомания – офат” ва “Наркомания – ашаддий душман” каби олий ўқув юртлари талабалари учун қўлланмалар мазкур муаммони ҳар томонлама очиб беради, улар билан танишган китобхонлар эса уларда ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топадилар.

Бутунжаҳон гиёҳвандликка қарши кураш кунига бағишланган кўргазмада тақдим этилган адабиётлар, газета ва журналлар гиёҳвандликка етакловчи омиллар, унинг оқибатлари, усмирлар ҳаётида оила ва ота-онанинг роли, яқинлар ва қариндошларнинг алоқаси ҳақида ҳикоя қилади. Китоб-расмли кўргазмасига ташриф буюрган фойдаланувчилар ўзларини ва яқинларини гиёҳванд моддалар истеъмолидан асрашга доир керакли ҳулосалар қилдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати