Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Ватан тақдирига тенг ҳаёт” деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти

2019 йил 19 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида атоқли ёзувчи ва журналист Саъдулла Кароматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Ватан тақдирига тенг ҳаёт” деб номланган ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. «Овози тожик» газетаси таҳририяти ва “Мурувват” ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир 27 июнь – Ўзбекистон Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланди.

Тадбирда серқирра ижодкор, журналист, ёзувчи, публицист, мусиқашунос, жамоат арбоби Саъдулла Кароматов ҳаёти, фаолияти ва ижоди билан таништирувчи “Ватан тақдирига тенг ҳаёт” деб номланган ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Фильмда С.Кароматовнинг меҳнат фаолияти, давлатимиз олдида кўрсатган хизматлари ва жонбозликлари, ўзбек журналистикаси ривожига қўшган хиссаси, адабиётда ўз муносиб ўрнига эга бўлган асарлари ҳамда Ўзбекистон маданияти тараққиёти йўлидаги серғайрат шижоати ҳақида ҳикоя қилинди. Шунингдек фильмда адибнинг дўстлари, ҳамкасблари, яқинлари ва шогирдлари у ҳаидаги ўз хотиралари билан ўртоқлашдилар.

Ҳужжатли фильм намойишидан сўнг сўзга чиққанлар С.Кароматовнинг Ўзбекистон матбуотидаги фаолияти ва бадиий асарлари тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

С.Кароматов ўз ижодини 1955 йилда бошлаган. Ўзбекистон  газета, журналларида ва радиода бадиий очерклар, лавҳалар ёзган. 1963 йилда “Тоғлар табассуми” ҳужжатли қиссаси, 1964 йилда “Амунинг зар кокиллари” очерклар тўплами, 1964 йилда “Кумуш камар” очерклар тўплами, 1965 йилда “Гўзаллик рамзи” очерклар тўплами, 1968 йилда “Тоғ гўзали”, 1969 йилда “Ҳижрон” қиссаси, 1971 йилда “Эътиқод” қиссаси, 1980 йилда “Олтин қум”, 1983 йилда “Сўнгги бархан” романлари, 1988 йилда Ғ.Ғулом номидаги адабиёт нашриётида адибнинг “Бир томчи қон” ва “Эътиқод” икки жилдлик сайланма асарлари  нашр этилган. Адибнинг “Дорога уходит в горы” қиссаси, “Золотые пески” романи, “Солдат остается в строю”, “Разлука” асарлари рус тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

С.Кароматов адабий таржиманинг моҳир устаси сифатида ҳам яхши танилган. У машҳур француз адиби Жюль Верннинг “Сув остида 80000 километр” асарини, рус ёзувчиси Вадим Кожевниковнинг “Пешин чоғи кунгай томонда” романини, “Бахтсиз фарзанд” эрон замонавий ҳикоялари тўпламини, туркман адиби Қилич Қулиевнинг “Қора карвон” романини,  тожик адиби Юсуф Акобировнинг “Тегирмон тўхтаганда” асарини, тожик адиблари Сотим Улуғзода, Жалол Икромий, абхаз адиби Георгий Гулиа ҳамда итальян, араб, афғон ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

“Ватан тарихига тенг ҳаёт” ҳужжатли фильми “Мурувват” ижодий гуруҳи томонидан ушбу маълумотларга таянган ҳолда ҳамда фото-, видео-, аудио- ва газета материалларидан фойдаланиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Ўзбекистон телерадиокомпанияси, Тошкент шаҳар давлат архиви, Ўзбекистон кино-, фоно-, фотоҳужжатлар марказий давлат архиви, Караматовлар ва Одил Ёқубовлар оиласи, Солиҳ Ёқубов, Рустам Шарипов, Жалолиддин Масловларнинг шахсий архивидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида тайёрланди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати