Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистонда “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди

2019 йил 7 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “SHARQ AYOLI” Халқаро аёллар жамоат фонди билан ҳамкорликда Ўзбекистонда “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танловининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Халқ таълими вазирлиги, "Шарқ аёли" халқаро аёллар жамоат жамғармаси ҳамда Россиянинг “Русская гуманитарная миссия” ташкилоти томонидан “Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танловида юртимиздаги умумий ўрта таълим муассасаларининг рус тили ва адабиёти фани ўқитувчилари иштирок этдилар.

 

Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади ўзбекистонлик рус тили фани ўқитувчилари малакасини ошириш, рус тили ва адабиётини ўқитишнинг янги педагогик усулларини таълимга жорий этиш, шунингдек, педагогларнинг касбий ва коммуникатив кўникмаларини оширишдан иборат. Танлов рус тили ўқитувчилари учун методик ёрдам кўрсатиш, тил ўқитишда замонавий инновацион услублардан фойдаланиш бўйича ҳамкасблар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистонда рус тилини ўқитиш сифатини оширишга қаратилган.

 

Тадбирда «Sharq Ayoli» Халкаро Аёллар Жамоат Фонди раиси С.Турсунбоева, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Д.Кенжаев, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси В.Тюрденев, “Русская гуманитарная миссия” ташкилоти Бош директори А.Полковниковлар сўзга чиқиб ҳозирги кунда Ўзбекистонда рус тилига қаратилаётган эътибор, рус тилини ўқитиш борасидаги ютуқлар ва келажакдаги истиқболлар ҳақида гапирдилар. “Мен ўзбек халқининг сўнгги кунларда рус тилига, рус адиблари ижодига кўрсатилаётган эътибордан чексиз шодман. Бунга рус адиби А.С.Пушкиннинг 220 йиллигининг кенг нишонланиши, унда ўнлаб ўзбек ёшларининг Пушкин шеърларини ўқиши, Ўзбекистонда чоп этилаётган жаҳон адабиёти намояндаларининг сара асарлари 100 жилдлик нашрининг 1-жилди рус адиби Пушкин ижодига бағишлангани, яқинда бўлиб ўтган Виноградовхонлик анжуманида Ўзбекистонлик рус тили ўқитувчиларининг иштироки қувонарлидир”, - деди Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчиси В.Тюрденев.

 

Танловнинг республика босқичида иштирокчилар “Русская гуманитарная миссия” ташкилоти, Рус тили ва адабиёти ўқитувчиларининг халқаро уюшмаси ҳамда "Шарқ аёли" халқаро аёллар жамоат фонди вакилларидан иборат комиссия томонидан рус тили фани бўйича тест синовлари, ёзма иш, дарс машғулоти, замонавий АКТ ёрдамида дарс ишланма тайёрлаш каби 4 та шарт бўйича ташкил этилиб, иштирокчилар 100 баллик тизимда баҳоландилар.

 

“Энг яхши рус тили ўқитувчиси” танлови республика босқичи ғолиблари диплом, қимматли совринлар ва эсдаликлар совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек улар Россияга беш кунлик саёҳат қилиш имкониятини қўлга киритдилар.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати