Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди

2019 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган  адабий-мусиқий кеча бўлиб ўтди. Бошқирд-татар миллий маданият марказининг “Агидель” клуби билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда Республика байналмилал маданият маркази, немис, яхудий, татар миллий маданият марказлари вакиллари, тадбир меҳмонлари ва кутубхона фойдаланувчилари иштирок этдилар.

Тадбирни ташкил этишдан кўзланган мақсад – адабий-мусиқий дастур орқали болажонларни Ўзбекистонда яшовчи турли миллатлар маданияти ва санъати, миллий маданият марказлар фаолияти билан таништириш, болаларда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳақида кенг тушунча яратиш, уларнинг дунёқарашини бойитиш, уларга қувноқ, шодон кайфият улашиш, шунингдек, улар ўртасида дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш.

Тадбирда Бошқирд маданият маркази “Агидель” клубининг бадиий раҳбари Э.Магиярова тадбирни очиқ деб эълон қилар экан, иштирокчиларни қутлади, болажонларга Болаларни ҳимоя қилиш куни ҳақида маълумот берди ва мазкур байрамнинг моҳияти ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек у Республика байналмилал маданият марказининг Ўзбекистонда тинчлик, фаровонликни таъминлаш ва бағрикенгликни қарор топтиришдаги хизматларини эътироф этди ва: “Ўзбекистонда истиқомат қилувчи турли миллат вакиллари мамлакатимизнинг ягона ва хилма-хил маданиятини шакллантириш, уни шаклан ва мазмунан бойитишда ўз муносиб хиссаларини қўшиб келмоқдалар. Бугунги маданиятлар ҳамоҳанглиги байрами - ўзбек халқининг этник бағрикенглиги, хайрихоҳлиги, меҳмондўстлиги намунасидир”, - деди.

Байрам концерти дастуридан “Агидель” бошқирд фольклор дастаси, “Сяндри” корейс ансамбли, “Легава” яҳудий хореографик ансамбли, немис ансамбли ҳамда “Райхон” ва “Элиф” рақс ансамблларининг чиқишлари ўрин олди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати