Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Пушкин – эркинлик ва озодлик куйчиси” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди

Эсимдадир ажиб дам ҳали:

Кўз олдимда бўлдинг намоён,

Пок гўзаллик даҳоси каби,

Бир лаҳзалик хаёл, тушсимон.

А.С Пушкин

2019 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Кашфиёт” ўқиш залида рус шоири, драматург ва ёзувчи Александр Сергеевич Пушкин таваллудининг 220 йиллигига бағишланган  “Пушкин – эркинлик ва озодлик куйчиси” деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди.

Буюк рус адиби Александр Сергеевич Пушкин 1799 йил 6 июнь куни Москвада  туғилган. Уда нафис сўзга меҳр-муҳаббатнинг пайдо булишида рус халқ қўшиқлари ҳамда эртакларини яхши билган энагаси Арина Родионовнанинг таъсири каттадир. У ўқиган Царское Селодаги лицей (1811—17) Пушкиннинг шоир ва эрксевар инсон сифатида шаклланишида муҳим омил бўлган. Лицейни тугатгач, у Петербургга кўчиб борган ва ташқи ишлар коллегиясида котиб лавозимида ишлаган. Пушкиннинг дастлабки шеърлари 1813 йилда матбуот юзини кўрди. У лицейда ўқиб юрган кезларида 120 га яқин шеър ва 2 достон (тугалланмаган) ёзади. Кейинчалик Пушкин рус жамиятида уйғониб бораётган эрксеварлик кайфияти таъсирида «Эркинлик» (1817), «Чаадаевга» (1818), «Қишлоқ» (1819) сингари шеърларни яратади.

1820 йилда Пушкин лицей лирикасидан фарқли ўлароқ рус шеърияти тараққиёти учун янги бадиий уфқларни очиб берган «Руслан ва Людмила» поэмасини ёзди. Пушкиннинг эртак ҳамда достонлари, шеърлари, қиссалари ҳар биримизга болалигимиздан яхши таниш. Улуғ шоир асарларида ростгўйлик, ҳалоллик, эзгулик улуғланади. Меҳр-муҳаббат, самимият каби покиза туйғулар шоирга хос бўлган жўшқин сатрлар воситасида тараннум этилади.

Пушкин ижодининг тадрижий йўлини шартли равишда 4 босқичга ажратиш мумкин. Агар 1813—16 йилларни ўз ичига олган l-босқичда Пушкин ўз замондошларининг бадиий тажрибасини ўзлаштирган бўлса, 2-босқич (1817—20)да Пушкин ижодининг ғоя ва мавзулар олами кенгайиб, у ўз услубига эришиш йўлида бадиий изланишлар олиб бориб, китобий тил билан жонли халқ тилини ўзаро яқинлаштирди. Шоирнинг 1820—24 йиллар ижодида (3-босқич) романтизм устуворлик қилди. Аммо кўп ўтмай, Пушкин қаҳрамонни поэтиклаштириш ва воқеликни эҳтирос билан тасвирлашда давом этган ҳолда романтик тасвир методидан чекинди. Пушкин ижодининг 1925 йилдан бошланган 4-босқичида образлар ва мавзулар кўламини чегаралашнинг ҳар қандай кўринишини рад этувчи, фикр билан туйғуни, ҳақиқатни тадқиқ этиш билан «жонли тасаввур»ни ўзаро уйғунлаштиришга асосланган реалистик тизимни ишлаб чиқди.

Шоир ижодида мавзулар кўлами бағоят кенг. Чунончи, Ватан, бахт-саодат, ёшлик сурури тўлқинланган сатрлар ўқувчиларга завқу шавқ улашади. Пушкин асарлари Чўлпон, Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир сингари таниқли шоир ва адибларимиз томонидан она тилимизга моҳирона ўгирилган. Пушкиннинг ранг-баранг ижоди нафақат кейинги рус адабиёти, балки мусиқа, театр, балет, рангтасвир сингари санъат турларининг ҳам ривожланишига катта таъсир кўрсатди.

“Пушкин – эркинлик ва озодлик куйчиси” деб номланган китоб-расмли кўргазмада Пушкин номи билан чамбарчас боглик рус адабиётида реализм ва халқчиллик тамойилларининг, қатор шеърий жанрларнинг шаклланиши ва тараққиёти ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар, Пушкиннинг жаҳон адабиётида муносиб ўрнини яна бир бор тасдиқловчи асарлари ўрин олган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати