Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Сирли осмон синоатини очган аллома” номли китоб-расмли кўргазма

2019 йил 22 март куни Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Илм” ўқиш залида давлат арбоби, буюк ўзбек астрономи ва математиги Мирзо Улуғбек (1394-1449) таваллудининг 620 йиллигига бағишланган “Сирли осмон синоатини очган аллома” номли китоб-расмли кўргазма очилди. Кўргазмада алломанинг ҳаёти ва илмий кашфиётлари ҳақида ҳикоя қилувчи адабиётлар ва суратлар ўрин олган.

Буюк астроном ва математик, олим ва давлат арбоби Мирзо Мухаммад ибн Шахруҳ ибн Тимур Улуғбек Тарағай 1394 йил 22 март куни Султонияда таваллуд топган. У 1409 йилда Самарқанд ҳукмдори этиб тайинланган, 1447 йилда эса Темурийлар сулоласининг оила бошисига айланади. МирзоУлуғбек математика фанининг барча соҳаларида чуқур билимга эга бўлган. Унинг билимлари доирасининг кенгайишида бобокалони Амир Темур кутубхонасидаги китобларнинг аҳамияти чексиздир. Унинг устозлари - олимлару, фузалолар қаторида Қозизода Румийнинг ҳизматлари алоҳида таҳсинга лойиқдир.

Мирзо Улуғбек 1018 та юлдузларнинг ҳолати ва ҳаракатини ўрганиб чиқиб, барчани хайратда қолдиради ва Астрономия фанини янги тараққиёт поғонасига кўтаради. У Самарқандда машҳур расадхона, 1417-1420 йилларда эса мадрасса қурдирди. Бу беназир аллома ўзида минглаб юлдузларнинг ҳаракатини жамлаган мукаммал астрономик жадвалини яратди. Ушбу жадвалда зикр этилган илмий маълумотларнинг нақадар аниқ ва тўғри эканини бугунги энг замонавий асбоблар ҳам тасдиқламоқда.  Улуғбекнинг ҳаёти ва илмий фаолияти халқимиз маънавиятининг пойдеворига қўйилган тамал тошларидан бири бўлиб, юртимизда бундан неча замонлар олдин фундаментал фанларни ривожлантиришга қанчалик катта аҳамият берилганини кўрсатади. «Зижи жадиди Курагоний» деб номланган Улуғбек астрономик жадвали ўрта асрларда лотин тилига таржима қилиниб, Европа олимлари орасида кенг тарқалгани фикримизнинг яққол исботидир.

Кўргазмада тақдим этилган “Улуғбек академияси”, “Мирзо Улуғбек”, “Маънавият юлдузлари”, “Улуғбек расадхонаси”, “Улуғбек”, “Буюк алломаларимиз”, “Из истории классификации наук на средневековом мусульманском Востоке”, “Звёзды академии Маъмуна”, “Темур ва Улуғбек”, “Амир Темур ва Улуғбек замондошлари хотирасида”, “Улуғбек ва унинг илмий мероси”, “Мирзо Улугбек авлодлари” китоблари, маъруза ва тезислар тўпламлари, журнал мақолалари Улуғбекнинг бой илмий мероси, унинг авлодлари, унинг нафақат илм-фан ва инсоният тамаддуни ривожига улкан хисса қўшган олим, балки адолатли давлат ҳукмдори бўлганлиги билан таништиради.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати