Тошкентда “Наврўз” китоб байрами шиори остида тадбирлар бўлиб ўтмоқда

2019 йил 19 март куни Тошкент шаҳрида “Наврўз” китоб байрами хайрия акциясига старт берилди. Мазкур акция Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси ташкилотлари миллий ассоциацияси, Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги иштирокида бўлиб ўтмоқда.

Тадбир “Китоб асри” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда. “Китоб асри” акцияси ноширлар, китоб савдоси ташкилотлари ва китобхон ёшлар ўртасида ҳар йилда бир марта ўтказиладиган илмий-ижодий ва иқтисодий ҳамкорлик, тажриба ва фикр алмашиш характерига эга бўлган лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳанинг асосий мақсади ноширлар ва китоб савдоси ташкилотлари ўртасида ўзаро илмий-ижодий ва иқтисодий ҳамкорлик муҳити ва алоқаларини шакллантириш, ўзаро тажриба алмашиш ва бизнес фаолият олиб боришда бир-бирига кўмаклашиши учун шарт-шароитлар яратиб бериш, уларни китоб саноати тараққиёти йўлида бирлаштириш, шунингдек ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришдан иборатдир.

Лойиҳа доирасида “Ёшлар ижод саройи”да таниқли адиблар ва адабиёт намоёндалари билан ижодий учрашув, шунингдек, китоб саноати, ноширлик ва китобхонликка бағишланган кўргазмалар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ўқиш заллари хизмати бош мутахассиси М.Муродова “Ахборот-кутубхона муассасаларида хизмат кўрсатишнинг замонавий турлари” мавзусида тақдимот билан қатнашиб, анъанавий кўргазмаларни ташкил этиш ва виртуал кўргазмаларни яратишнинг ўзига хос техник жихатлари ҳақида батафсил маълумот берди.

Ўзбекистон Миллий кутубхонаси матбуот хизмати